Полша мактабларида «Хавфсизликка ўргатиш» номли янги фанни ўқитиш бошланади. Унинг доирасида отиш тайёргарлиги, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш каби амалий машғулотлар ўтказилади.
Полша ҳукумати мактаб ўқувчилари учун мажбурий бошланғич ҳарбий тайёргарлик машғулотларини, жумладан, ўқ отишни ўргатиш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларини ўқитишни жорий қилди. Мамлакат ҳукуматининг қайд этишича, мазкур янгилик «Украинадаги уруш муносабати билан давлат хавфсизлигига ўсиб бораётган таҳдидларга» жавоб қайтаришга мўлжалланган.
Янги фан «Хавфсизликка ўргатиш» номини олган. Бошланғич мактабларнинг 8-синфлари ва ўрта мактабнинг 1-синфлари (14-16 ёшли ўсмирлар) мазкур дарсларга киришга мажбур. Бу турдаги дарслар Полшада 2022 йилдан бери мавжуд, аммо улар олдин ихтиёрий эди. Энди Миллий мудофаа вазирлиги билан келишилган ўқув дастуридан «ўт очишга тайёргарлик», «ўқ отиш маҳоратини ошириш», «қутқарув операциялари асослари» ва «ҳарбий ҳаракатлар шароитида таҳдидларга қарши тура олиш» машғулотлари ўрин олган. Шунингдек, дастур қуролларни ёйиб-йиғиш, нишонларни аниқ мўлжалга олиш бўйича машқларни ҳам ўз ичига олади. Машғулотлар мактабларнинг спорт залларида ўтказилади, жанговар патронлар ўрнига лазер нурларидан фойдаланилади.
Ҳарбий тайёргарлик асослари машғулотларига ҳафтасига бир соатдан ортиқ вақт ажратилмайди. Таълимнинг асосий вазифаси — давлат хавфсизлигини, фавқулодда вазиятларда қутқарув ишларини таъминлашдир.
Россия томонидан Украинага қарши уруш бошланганидан кейин Полша ҳарбий харажатларини сезиларли даражада оширди. 2024 йилда мамлакат мудофаа буджети ЯИМнинг 4,2 фоизини ташкил этган бўлса, 2025 йилда у 4,7 фоизга етказилади.