Буюк Британиянинг Loughborough университетида сунъий интеллект технологияси ёрдамида яратилган голографик аватарлар орқали ўқитувчилар дарс ўтказишни бошлайди. Бу ҳақда Тhe Guardian маълум қилди.
Loughborough университети Массачусетс технология институтидан (МИТ) олимлари билан ҳамкорликда голограммалар ёрдамида дарслар ўтказишни режалаштирмоқда. Бу янги таълим амалиёти ҳали барча дарсларга татбиқ этилмасада, янги ёндашувнинг бошланиши сифатида қаралади. Ўқув жараёнида Zoom орқали онлайн учрашувлар ўрнига, ўқитувчи аватар орқали дарс бериши мумкин бўлади.
Университетнинг бизнес мактаби бакалавриат директори Викки Локнинг айтишича, талабалар голограммалар орқали ўтказиладиган дарсларни жуда яхши қабул қилишган. Улар голограмма ёрдамида ўқитувчи билан мулоқот қилишни афзал кўришади, чунки бу дарслар кўпроқ жонли ва реалистик ҳиссиёт уйғотади.
Анъанавий видеоконференцияларга қараганда, голографик тасвир талабалар учун янада тушунарлироқ бўлади.
Голограммаларни кўрсатиш учун ишлатиладиган қурилма катта қутига ўхшайди, ичида эса 3D аватар мавжуд бўлади. Ушбу қурилмаларни ишлаб чиқарган Прото компанияси, шунингдек, йирик корпорациялар билан ҳамкорлик қилиб, виртуал учрашувлар ташкил этмоқда. Технология ёрдамида компаниялар жисмоний учрашувлар ўрнига виртуал конференциялар ўтказиш имкониятига эга бўлади.
Прото компаниясининг асосчиси Давид Нуссбаумнинг фикрига кўра, тез орада ушбу технология ёрдамида тарихдаги буюк олимлар, масалан, Алберт Эйнштейн виртуал тарзда дарс ўтказиши мумкин бўлади.
Голограммалар ёрдамида ўқитувчилар ўз дарсларини бошқа шаҳарларда ўтказишлари мумкин, бу эса талабалар учун жуда қулай имконият яратади. Шунингдек, талабалар голограммаларни муҳандислик, дизайн ва санъат соҳаларидаги лойиҳалар учун ҳам ишлатишлари мумкин.
Прото компанияси келажакда янада кичикроқ ва арзонроқ қурилмалар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Бу технология янада кенгроқ аудиторияга тақдим этилади.
Шунингдек, Бата университети олимлари ўтказган тадқиқотларга кўра, VR (виртуал реаллик)да ўқиш ўқитувчининг аватарининг ташқи кўриниши талаба билан мос келганда самаралироқ бўлади. Агар ўқитувчи аватарининг ташқи кўриниши талабага ўхшаса, ўқув жараёни янада самарали бўлиши мумкин.
Бу технология таълим тизимида янги имкониятларни яратиб, ўқитувчилар ва талабалар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлашга ёрдам бериши кутилмоқда.