Бирлашган Араб Амирликларидаги Технологик инновациялар институти (ТИИ) Falcon 3 – очиқ манба асосида яратилган катта тил моделлари сериясининг сўнгги версиясини тақдим этди.
Ушбу моделлар сунъий интеллект технологияларини смартфонлар ва ноутбуклар каби қурилмаларга киритишни мақсад қилган. Falcon 3 кичик ҳажмдаги сунъий интеллект моделларида янги стандарт ўрнатади, бу эса йирик ҳисоблаш инфратузилмасидан фойдаланмасдан, корхоналар ва оддий фойдаланувчиларга кучли имкониятлардан фойдаланиш имконини беради.
Falcon 3 — 14 триллион токен асосида ўқитилган бўлиб, бу аввалги версияси Falcon 2 дан икки баробар кўп.
Hugging Face платформасидаги бенчмаркинг натижаларига кўра, Falcon 3 ўзининг 13 миллиарддан кам параметрли рақобатчиларидан, жумладан, Мета компаниясининг LLаМА вариантларидан устун чиққан.
У мантиқий фикрлаш, кўрсатмаларни бажариш, код ёзиш ва математик масалаларни ечишда юқори самарадорликни намойиш этган.
Falcon 3 тўртта турли ҳажмдаги моделлардан иборат: 1B, 3B, 7B ва 10B.
Ҳар бир модель иккита версияда тақдим этилади:
– Base – умумий мақсадлар учун;
– Instruct – мулоқот иловалари учун мослаштирилган.
Бундан ташқари, ресурслари чекланган тизимларда тез ва самарали ишлаш учун оптималлаштирилган квантланган версиялар ҳам мавжуд.
Шунингдек, ишлаб чиқувчилар ва тадқиқотчилар учун Falcon Playgroundни ишга туширди. Ушбу платформада фойдаланувчилар Falcon 3 ни тўлиқ фойдаланишдан олдин синаб кўришлари мумкин. Моделлар Технологик инновациялар институти Falcon License лицензияси асосида тақдим этилади, бу эса сунъий интеллектнинг ахлоқий жиҳатдан фойдаланилишини рағбатлантиради.
Falcon 3 нинг юқори самарадорлиги уни турли иловалар, жумладан, стартаплардан тортиб йирик компаниялар учун идеал ечимга айлантиради. Ушбу серия келажакдаги янгиланишлар, жумладан, матн, расм, видео ва овоз билан ишлашни ўз ичига олган мультимодал функциялар учун асос яратади. Бундай имкониятлар 2025 йил бошида тақдим этилиши кутилмоқда.