«Ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, ҳафтанинг ҳар пайшанба куни жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланди. 2025-2026 ўқув йилидан:
– спорт мактабларини спорт турларига ихтисослаштириш амалиёти жорий этилади;
– спорт мактабларида оммавий спорт бўйича тренер-селекционер лавозими жорий этилади;
– ҳар бир оммавий спорт бўйича тренер-селекционерга 5 тагача маҳалла ва унинг ҳудудидаги давлат таълим муассасалари бириктирилади;
– оммавий спорт бўйича тренер-селекционер ўзига бириктирилган ҳудудда «Беш ташаббус олимпиадаси», «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовларини ўтказиб боришга масъул ҳисобланади.
2025/2026 ўқув йилидан ҳудудлардаги олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар фаолияти қуйидаги янгича тартибда ташкил қилинади:
– спорт турлари бўйича маҳорат мактаблари ташкил қилинади;
– маҳорат мактаблари фаолияти спорт турлари бўйича иқтидорли ёш спортчиларни саралаб олиш ва уларни терма жамоаларга асосий номзод сифатида тайёрлашга йўналтирилади ҳамда алоҳида спорт турларига ихтисослаштирилади;
– маҳорат мактаблари ўқувчи-спортчиларининг умумий контингенти жами 150 нафардан кўп бўлмаган миқдорда 7–11-синф ўқувчиларидан иборат бўлади;
– маҳорат мактаблари ўқув дастурини ўзлаштирган ва якуний давлат аттестациясидан ўтган 11-синф битирувчиларига давлат намунасидаги умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома берилади;
– маҳорат мактабларида озиқ-овқат билан таъминлаш харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналар тўлови ундирилмайди.