2024-2025-ўқув йилидан бошлаб барча умумий ўрта таълим мактабларида ўқув-педагогик ҳужжатлар электрон шаклда юритилиши бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазири буйруғи қабул қилинди. Унга кўра қуйидаги ўқув-педагогик ҳужжатлар электрон тарзда юритилади:
– педагогик кенгаш баённомалари;
– ўқувчилар ҳаракатига оид буйруқлар;
– электрон синф журнали;
– ўқувчининг электрон баҳолар табели;
– қолдирилган ва ўрни тўлдирилган дарсларни ҳисобга олиш реестри;
– мактаб битирувчиларга берилган шаҳодатноманинг ҳисобот реестри.
Педагогик кенгаш баённомалари, ўқувчилар ҳаракатига оид буйруқлар, қолдирилган ва ўрни тўлдирилган дарсларни ҳисобга олиш реестри, мактаб битирувчиларга берилган шаҳодатноманинг ҳисобот реестри ва электрон синф журнали қатъий ҳисобда турувчи ҳужжатлар ҳисобланади.
Мактаб ҳужжатларининг тўғри юритилиши ва сақланиши бўйича жавобгарлик
мактаб директори зиммасига юклатилади. Шунингдек, директорнинг буйруғи билан мактаб ҳужжатларини бевосита юритиш учун масъул шахслар тайинланади.
Эслатма! Мактаб директори ўзгарганда далолатнома асосида мактаб ҳужжатлари янги тайинланган директор (ёки вақтинча вазифасини бажарувчи)га топширилади.
Мактаб фаолияти тугатилганда ёки қайта ташкил этилганда мактаб ҳужжатлари тегишли давлат архивига ёки муассасанинг ҳуқуқий ворисига далолатнома асосида топширилади.