Талабалар «Ўзбекистон темирйўллари» дан нега норози?

«Ўзбекистон темирйўллари» талабалар учун маҳаллий йўналишдаги поездлар чипталарига 50 фоизлик чегирма эълон қилган эди. Чипталар сотиладиган электрон платформада Тошкент–Урганч, Тошкент–Бухоро, Тошкент–Нукус йўналишларида 23–31 декабрь саналаридаги барча чипталар аллақачон тугаган. Бошқа йўналишларда эса саноқли чипталар қолган. Кун.уз нинг хабар беришича, мухбир ҳолатни ўрганиш ва талабалар фикрини эшитиш учун пойтахтдаги темирйўл кассаларидан бирида бўлган.

Маълум қилишинича, мухбир билан суҳбатда бўлган талабалар ҳам мазкур саналарда ушбу йўналишларга чипта қолмаганини таъкидлаган. Талабаларнинг айримлари эса кетиш учун эмас, фақат қайтиш учун чегирмали чипта олишга улгурганлигини айтган.

«Онлайн кўрдик, чипта йўқлиги учун кассага келишга мажбур бўлдик», — деган талабалардан бири. Бошқа талаба эса чегирмали чипта ололмагани ортидан қўшимча вагонлар қўшилиш ёки қўшилмаслигини билиш учун темирйўл кассасига келганини айтган.

«Тошкент—Андижон йўналишида 25 декабрдан 31 декабргача чипталар қолмаган. Аммо Тошкент—Қўқон йўналишида бор экан», — дейди талаба йигитлардан бири.

«Ўзбекистон темирйўллари» АЖ чегирма эълон қилган вақтда талабалар агар чегирмали чипта харид қилмоқчи бўлса, темирйўл кассаларига паспорт билан келишини сўраган. Талабалар эса паспортдан ташқари ўқиш жойидан ва доимий рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги маълумотномалар ҳам сўралаётганини билдирган. Бошқаси эса талабалик гувоҳномаси етарли эканлигини қайд этган.

Термиз шаҳрига кетмоқчи бўлган бошқа бир талаба 31 декабргача чипталар қолмаганини, фақат 2025 йил январига қайтиш чипталари борлигини айтган. Бундан ташқари талабалар кассаларда хизмат кўрсатиш сифати бўйича фикрини билдириб, битта чипта сотиб олиш учун ўртача 1 соат вақт кетганини маълум қилган.

«Мен чегирма эълон қилинишидан олдин чипта сотиб олгандим, ҳозир чипта нархи миқдорининг ярмини қайтариб олмоқчи эдим, имкони йўқлигини айтишди», — дейди талабалардан бири.

Таҳририят чегирмали чипталар қолмагани юзасидан «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ матбуот хизмати билан боғланган. Маълум қилинишича, чипталар қолмагани талабалар сонининг кўплиги билан боғлиқ. Таъкидланишича, қишки таътил кунларида қанча чегирмали чипталар ажратилгани бўйича аниқ маълумот мавжуд эмас. Шунингдек, қўшимча вагонлар ва уларда бўлиши кутилаётган ўринлар сонига бир неча кундан кейин аниқлик киритилиши айтилган.

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры