2024 йил 28 ноябр куни соат 00:30 ларда Самарқанд шаҳрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Маълум бўлишича, икки нафар мактаб ўқувчиси отасига тегишли Onix русумли автомобилни сўроқсиз бошқариб, ҳаракатга чиққан.
Шаҳарнинг Садриддин Айний кўчасида светофорнинг қизил чироғига амал қилмасдан ўтган Onix автомобили 65 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Cobaltʼга келиб урилган.
Ҳодиса оқибатида Cobalt ҳайдовчиси ва икки ўқувчи тан жароҳати олиб, шошилинч тиббий ёрдам марказига етказилган. Жароҳатлари енгил бўлган ўқувчиларга текширувдан сўнг жавоб берилган, бироқ Cobalt ҳайдовчиси оғир аҳволда комага тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилгани ва суриштирув ишлари давом этаётгани маълум қилинган.