Бугун, 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида аҳолини талаб юқори касбларга ўқитиш ва даромадли иш билан таъминлаш чора-тадбирлари бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Унда мактаблар ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида чет тилидаги дарсларни кўпайтириш, техникумларга хориждан ўқитувчилар олиб келиш бўйича кўрсатмалар берилган.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги 65 та касбий кўникма марказида ўқитиш сифатини ошириш, грантлар жалб этиб, замонавий касбларга мос ускуналар билан жиҳозлаш кераклиги айтилган.
Шунингдек, вилоятлардаги 13 та қурилиш касбига ўқитиш марказлари дастурлари талаб юқори касбларга мослаштирилиб, йилига 20 минг фуқаро тайёрланади. Касбни мустақил ёки шогирдликда ўрганганларга халқаро сертификатлар берилади ва 5 та малака баҳолаш маркази ташкил қилиниши режалаштирилган.
Ташқи ишлар вазирлигига Буюк Британия, Германия, Канада, Словакия, Австралия, Янги Зеландия каби мамлакатларда ўқиш ва малака ошириш, замонавий корхоналарда ишлаш истагида бўлган фуқароларга енгиллик бўлиши учун виза тартибини соддалаштириш бўйича зарур чоралар кўриш топширилган.
Бундан ташқари, хорижий давлатларда талабалар учун «Work and travel» каби дастурлардан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида, келгуси йилдан Ёшлар ишлари агентлиги томонидан талабаларнинг йўлкира харажатлари учун ссуда (ёрдам пули) ажратиш йўлга қўйилиши айтилган.