Жамоавий спорт турларини ривожлантириш ва иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ-421-сон, 04.12.2024 йил) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2025-2026-ўқув йилидан барча давлат университетларида волейбол, баскетбол, гандбол, регби, чим устида хоккей, сув полоси жамоавий спорт турлари бўйича, бошқа давлат олий таълим муассасаларида камида 3 та жамоавий спорт турлари бўйича спорт клублари ташкил этилади.
2025-2026 ўқув йилидан жамоавий спорт турлари бўйича қуйидаги спорт мусобақаларини ўтказиб бориш йўлга қўйилади:
– «Мактаб лигаси»;
– «Талабалар лигаси» ва «Олий таълим кубоги»;
– «Ректор кубоги».
Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, давлат иштирокидаги тижорат банклари ва корхоналарда камида 3 та жамоавий спорт турлари бўйича спорт клублари ташкил қилинади.
Бунда жамоавий спорт турлари бўйича идоравий ташкилотлар кесимида «Раҳбар кубоги», маҳаллий ҳокимликлар кесимида «Ҳоким кубоги» мусобақалари ўтказиб борилади.
Қуйидагилар йўлга қўйилади:
– тадбиркорлик субъектларида жамоавий спорт турлари бўйича спорт клубларини ташкил қилиш;
– тадбиркорлик субъектлари спорт клублари ўртасида «Корпоратив спорт ўйинлари» спорт мусобақасини ўтказиб бориш.