Мактабларда тарқалаётган вирусли гепатит қанчалик хавфли ва ундай қандан ҳимояланиш керак?

Хабарингиз бор, Миробод туманидаги 214- ва 65-сонли умумий ўрта таълим мактабларида вирусли гепатит аниқлангани ҳақида Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълум қилди.

 

 

Шунингдек, Санепидқўмита ходими мактабларда гепатит А билан касалланишлар сони ошган тақдирда, ушбу мактабда вақтинчалик карантин эълон қилиниши ва онлайн таълимга ўтиши ҳақида маълумот берган.

 

Маълумотларга кўра, ҳозирда мактабларда аниқланган гепатит А билан касалланиш ҳолати асосан эмланмаган болаларда аниқланган.

 

Хўш, «Сариқ касал» ёки гепатит А қанчалик хавфли? Ундан қандай ҳимояланиш керак?

 

 

Вирусли гепатит А – бу ўткир юқумли жигар касаллиги бўлиб, қўзғатувчиси гепатит А вируси ҳисобланади. Дунё бўйлаб ҳар йили ўн миллионга яқин одам ушбу касалликка чалинади. Мактабгача ва кичик мактаб ёшидаги болалар бошқаларга нисбатан кўпроқ касалланади.

 

 

Вирусли гепатит А – гепатитнинг ўткир ва сурункали турлари мавжуд. Сурункали гепатит ўлимга олиб келувчи жигар циррози ва саратони каби касалликлар асоратига сабаб бўлиши мумкин.

Гепатит А — касалликнинг энг кўп учрайдиган, аммо бошқаларига нисбатан хавфсизроқ тури ҳисобланади. У деярли доим ўткир кечади ва сурункали бўлмайди, ўлимга ва бошқа турларга нисбатан жиддий оқибатларга олиб келмайди.

 

 

Нисбатан юқори касалланиш аҳоли сифатли ичимлик сув билан яхши таъминланмаган, санитария – гигиена шароити ночор бўлган ҳудудларда кузатилади. Шу билан биргаликда, болалар мактабгача таълим муассасаларида ва мактабларда ўзаро мулоқот жараёнида гепатит А касаллигини юқтириб олиш эҳтимоли юқори бўлади.

 

 

«Ҳозирги кунда бизда Вирусли гепатитларнинг А, Б, C, Д, Й турлари аниқланган. Шулардан биттаси вирусли гепатит А ҳисобланади. Вирусли гепатит А тибик ичак ўткир инфекциялари турига кириб, бугунги кунда болалар орасида, асосан, санитария- гигиена қоидаларига риоя қилмаганлиги сабабли кўп учраб туради», – дейди Абдуллабоева Наргиза шаҳар 5-сон Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори

 

 

«Кир қўллар касаллиги»

Ушбу касаллик «кир қўллар касаллиги» деб ҳам аталади. Вирусни, асосан, кирланган сув, таом, яхши ювилмаган идиш ҳамда касалланган одам билан контактда бўлиш орқали юқтириш мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, беморларнинг 90 фоизини 10 ёшгача болалар ташкил этади.

 

 

«Юртимизда ёз фасли таътиллари бошланди. Таътил вақтида санитария- гигиена қоидаларига риоя қилишни тавсия берамиз. Болаларнинг очиқ сув ҳавзаларида чўмилишини маслаҳат бермаймиз. Чунки бундай жойларда гигиена қоидаларига амал қилиш ҳолатлари кузатилмайди. Чўмилиш давомида нотоза сувларни ичиб, ютиб юбориш ҳолатлари бўлади. Бунинг оқибатида мактаб ўқувчилари ва ундан кичик ёшдаги болалар орасида вирусли гепатит касаллигини юқтириб олиш ҳолатлари бўлади. Халқимиз орасида стоматологлар орқали бу касаллик кўпроқ юқиши ҳақида гаплар асоссиз. Бундай ҳолатлар статистикада ҳам қайд этилмаган. «Кир қўллар касаллиги» санитария- гигиена қоидаларига риоя қилинмаган ҳолатда вужудга келади. Шунинг учун, ота-оналар фарзандларининг озодалигига эътибор қаратишининг тарафдориман ва шу нарсани тилаб қоламан», – дейди Абдуллабоева Наргиза

 

 

Касаллик аломатлари қандай намоён бўлади?

 

«Гепатит А’нинг ҳам бошланғич белгилари худди бошқа турлари каби иситма, ҳолсизлик, ич кетиш, қайд қилиш аломатлари билан кечади. Шунда кўпинча фуқароларимиз уни гриппга ўхшаш касалликлар билан адаштириб, уй шароитида даволашга ҳаракат қилишади. Чунки касалликнинг бошланиш даврида Гепатит А’нинг тана ва кўз оқ пардасидаги сарғайиш каби клиник белгилари қайд этилмайди. Бу белгилар икки ҳафтадан кейингина намоён бўлади», – дейди Қурбонова Гулноза шаҳар 1-сон Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори.

 

 

Гепатит А қандай даволанади ва қанчага тушади?

 

 

Шифокорлар берган маълумотларга кўра, ўткир вирусли гепатит А билан оғриган бемор ҳолатига қараб, камида 10 кундан 50 кунгача шифохонада ётиб даволанади. Жигар тўқимаси тўлиқ янгиланиши учун эса 150-180 кун вақт талаб этилади. Шу давр мобайнида бемор қатъий парҳезда бўлиши ва жисмоний зўриқишдан сақланиши зарур.

 

 

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғига асосланиб ҳисобланганда 2022 йилда Вирусли гепатит А касаллигидан даволанишнинг жами хизмат нархи бир бемор учун 3 млн 786 минг сўмни ташкил қилган. Бу харажатлар муолажа, таҳлиллар, дорилар ва бошқа шу каби хизматлар учун юқумли касалликлар шифохонасида касалликнинг ўткир-сариқлик шаклини даволаш учун давлат томонидан сарфланади.

 

 

«Вирусли гепатит А шифокор топшириқларини вақтида бажариб, парҳез ва ҳамма тартибларига амал қилинса, тузаладиган, шунингдек, асоратсиз ўтиб кетадиган касаллик. Гепатит А’ни юқтириб олмаслик учун нима қилиш керак? Фарзандларимизни боғчага боргандан бошлаб тозаликка ўргатишимиз шарт. Боғчадан, мактабдан, кўчадан келганида қўл ювишга, уйни ораста тутиб, шамоллатиб туришга одатлантиришимиз керак. Гепатит А’ни юқтирган беморлар ҳам юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилади. Барча харажатлар эса давлат томонидан бепул амалга оширилади», – дейди Қурбонова Гулноза.

 

 

Вирусдан қандай ҳимояланиш керак?

 

 

Гепатит А билан касалланмаслик учун аввало тозалик ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш керак. Аммо бу вирус ҳаво орқали юқиш хусусиятига эга эканини ҳисобга олиб, шифокорлар ундан ҳимояланишнинг энг самарали усули сифатида эмланишни тавсия этадилар.

 

 

«Эмлашнинг роли жуда ҳам катта. Бундан фуқароларимиз қўрқиши керак эмас, аксинча, тўғри талқин қилиш керак. Кўпчиликда енгил ўтаркан, тузалиб кетаркан, эмламаса ҳам бўлар экан, деган. Бу нотўғри, бир марта гепатит А’га қарши вакцина олган одам 25 йилгача касалликни юқтирмайди. Бундан ташқари, Гепатит А билан касалланган одам ҳам эмланмайди. Чунки унда касалликка қарши иммунитет пайдо бўлади ва у қайтда вирус юқтирмайди», – дейди Қурбонова Гулноза.

 

 

Эмлашни кимлар амалга оширяпти ва у қанча тушади?

 

 

Айни пайтда мамлакатимизда Гепатит А’га қарши эмлаш, яъни вакцина фақат хусусий клиникаларда амалга оширилмоқда. Вакцинанинг барча турлари хориждан импорт қилинади ва ишлаб чиқарувчисига қараб нархи 300 мингдан 770 минг сўмгачани ташкил қилади. Солиқ сиёсатидаги ўзгариш ҳам вакцина нархига таъсир этган. 2024 йил 1 апрелидан бошлаб дори воситаларини олиб кириш ва тиббий хизмат кўрсатишга 12 % ли қўшимча қиймат солиғи жорий қилинди. Бу эса табиийки вакцинация нархининг ҳам янада қимматлашишига сабаб бўлган.

 

 

«Касалликка қарши иммунитет ҳосил қилиши Хитой вакцинасида ҳам, Бельгия вакцинасида ҳам бир хил. Барчасида инсон организми учун зарари йўқ. Лекин унинг нархига келадиган бўлсак, хусусий сектор томонидан қанчага олиб келинган бўлса, шу нархнинг устига харажатлари қўйилади. Ўзбекистон Республикасида бугунги кунда 30 дан ортиқ хусусий эмлаш марказлари мавжуд. Уларнинг ҳар бири вакцина нархларини ўзлари белгилайди. Масалан, битта гепатит А’га қарши вакцина қайсидир эмлаш марказида 300 минг сўм бўлса, қайсидир бирида эса 330 минг сўмни ташкил қилади. Мингга яқин барча хусусий тиббиёт муассасаларининг барчаси вакциналарни олиб кириш ёки эмлаш ҳуқуқига эга эмас. Эмлаш хизматини кўрсатиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан лицензияланган бўлиши керак», – дейди Ботир Қурбонов Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раис ўринбосари.

 

 

Нега Гепатит А’га эмлаш давлат томонидан бепул амалга оширилмайди?

 

Ўзбекистонда бугунги кунда Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСEФ болаларни ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан тавсия этилган аҳолини 13 хилдаги юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш учун эмлаш ишлари амалга оширилади. Ушбу вакциналар ЮНИСEФ халқаро ташкилоти ёрдамида сотиб олиниб, Ўзбекистонга келтирилади ва эмлаш марказларига етказилади. Бепул вакциналарга қуйидагилар киради: дифтерия, кўкйўтал, қоқшол, сил, вирусли гепатит В, полиомиелит, қизамиқ, қизилча, эпидемик паротит, ротавирус, пневмококк, гемофилиус инфлюенса тип Б инфекцияси, бачадон бўйни саратони. Аммо негадир бу рўйхатда Гепатит А вирусли касаллиги йўқ.

 

 

«Гепатит А’га қарши вакцина, минг афсуски, миллий эмлаш календаримиздаги 13 хил юқумли касалликларга қарши вакциналар рўйхатига киритилмаган. Биринчи навбатдаги сабаби, унинг ўткир ҳолатда кечиши ва ўзидан кейин ўлим ҳолатлари, оғир асоратлар қолдирмаслиги. Гепатит А’га қарши вакциналар хусусий секторлар томонидан олиб келиниб, эмланганлиги учун пулли, миллий эмлаш календарига киритилган қолган 13 та касалликлар вакцинаси давлат томонидан бепул амалга оширилади», – дейди Ботир Қурбонов

 

 

Нега вакцина Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди?

 

 

Ўзбекистонда йилига ярим миллиондан кўпроқ бола туғилмоқда, агарда буджет ҳисобидан болаларни вирусли гепатит А’га қарши тўлиқ эмлаш ташкил қилинса бунинг учун ҳар йили 200 млрд сўмдан ортиқ маблағ талаб этилади, бу сумма эса бугунги кунда Миллий эмлаш режасидаги 13 турдаги вакциналарнинг барчаси учун ажратилаётган маблағларнинг жами миқдоридан бир неча баробар кўп.

 

 

Вирусли гепатит А га қарши вакциналар дунё бўйлаб бир нечта йирик вакцина ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилади, улардаги вакцинанинг тўлиқ курс учун нархи масалан Бельгия маҳсулоти 42 Евро, Франция маҳсулоти 34 еврони, Хитой компаниялари маҳсулотлари нисбатан арзонроқ: ўртача 13-15 евро.

 

 

Вакцина шунақа қиммат экан, унда нега буни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилмайди?

 

 

«Ўзбекистон Республикасида битта турдаги вакцинага бўладиган эҳтиёж 2 млн дозани ташкил қилади. Чунки юртимизда йилига бир миллионга яқин чақалоқ дунёга келади ва улар икки мартадан эмланиши мумкин. Вакцина ишлаб чиқаришда 2 миллион доза жуда ҳам кам ҳисобланади. Корхона буни бир ойга қолмасдан ишлаб чиқаради. Қолган ойларда ишлаб чиқарадиган вакциналарни сотиш керак бўлади. Лекин уни кимга сотади? Жаҳон бозорида вакцинани сотиш эса Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг хулосасига кўра бериладиган сертификат асосида амалга ошади», – дейди Ботир Қурбонов.

 

 

Касални даволагандан кўра, олдини олган осон

 

 

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда болаларни юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган чора- тадбирларни нотўғри талқин қилиш, мавжуд вазиятни шубҳа остига қўйиш каби чиқишлар аҳоли ўртасида норозичиликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Аслида юқумлик касалликлар ва турли зарарли вируслардан ҳимояланиш кишининг ўзига боғлиқ.

 

 

Касалликка қарши эмланишдан ташқари, соғлом турмуш тарзига, шахсий гигиена қоидаларига, озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш ва сақлаш жараёнларида санитария-эпидемиологик қоидаларга риоя қилиш муҳимдир. Бу эса ортиқча харажатларнинг олдини олиб, энг муҳими ўзингиз ва фарзандларингиз касаллик билан оғримаслигига муҳим қадам бўлади.

 

 

Манба: Kun.uz

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры