Таълимдаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) томонидан ТИМСС 2023 халқаро баҳолаш дастури натижалари эълон қилинди. Бу ҳақида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилди.
Таъкидланишича, 2023 йил апрель май ойларида Ўзбекистонда ўтказилган ушбу тадқиқотда барча ҳудудларидан танлаб олинган 166 та мактабдан жами 8800 нафар ўқувчилар (шундан, 4450 нафар 4-синф ва 4350 нафар 8-синф) иштирок этган.
Шунингдек, мазкур мактабларнинг 166 нафар директорлари ҳамда 1035 нафар математика ва табиий фанлар бўйича ўқитувчилар сўровномаларда қатнашган.
8-синф ўқувчилари натижалари:
Халқаро ҳисобот таҳлил натижаларига кўра, Ўзбекистондаги 8-синф ўқувчиларининг математик саводхонлик бўйича ўртача кўрсаткичи 421 балл бўлиб, қатнашувчи 44 та давлатдан 32-ўринни эгаллаган. 8-синф табиий фанлар (Science) саводхонлиги бўйича эса қатнашган 44 та давлат орасидан 396 балл билан 39-ўринни эгаллади.
4-синф ўқувчилари натижалари:
Тадқиқотда қатнашган ўзбекистонлик 4-синф ўқувчилари табиий фанлар (Science) саводхонлиги бўйича 412 балл тўплаган ва иштирокчи 58 та давлат ичида 54-ўринни эгаллади. Математика саводхонлиги бўйича эса қатнашувчи 58 та давлат ичида 443 балл билан 50-ўринни эгаллади.
Ўзбекистонда 4-синфлардаги қизлар (446 балл) математика йўналишида ўғил болалардан (440 балл) яхшироқ натижа қайд этган бўлса, табиий фанлар йўналишида ҳам худди шундай фарқ сақланиб қолган (қизлар 414 балл, ўғил болалар 409 балл).
Табиий фанлар йўналишида 8-синфлардаги қизлар (395 балл) ва ўғил болалар (396 балл) деярли бир хил натижа қайд этган бўлса, математика йўналишида ўғил болалар (426 балл) қизлардан (416 балл) кўра юқорироқ натижа қайд этган.