Илон Маск томонидан ташкил этилган «Ad Astra» таълим муассасаси 14 ноябрь куни Техасда очиш учун рухсат олди. Бу ҳақда Fortune нашри хабар берди.
Мактаб Остин шаҳри яқинидаги Бастроп туманида жойлашган бўлиб, илк ўқув йилида 16 нафар болани қабул қилишни режалаштирган. Кейинги йилларда ўқувчилар сони 54 нафарга етказилади ва 6-9 ёшли болалар учун таълим дастурлари қўшилади.
«Ad Astra» STEM таълимига йўналтирилган бўлиб, унинг мақсади «ёш авлоднинг қизиқувчанлик, ижодкорлик ва танқидий фикрлаш қобилиятларини ривожлантириш» этиб белгиланган.
Биринчи ўқув (2024/25) йилида таълим, қўшимча машғулотлар, дарсликлар ва рўйхатга олиш харажатлари субсидия (давлат ёки ташкилот томонидан моддий ёрдам учун ажратилган маблағ) ҳисобига қопланади. Кейинги йилларда шартнома нархи маҳаллий хусусий мактаблар билан тенглаштирилиши мумкин.
Илон Маск Монтессори усули асосида ташкил этилган биринчи «Ad Astra» лойиҳасини 10 йил олдин Калифорнияда ўз фарзандлари учун очган эди. Кейинроқ бу мактаб мустақил масофавий Astra Nova таълим муассасасига айланди.
Монтессори усули итальянлик шифокор Мария Монтессори томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, болаларнинг мустақил ўрганиш қобилиятини ривожлантиришга йўналтирилган. Ушбу тизим асосида таълим олган машҳур шахслар қаторига Google асосчилари Ларри Пейж ва Сергей Брин, Amazon яратувчиси Джефф Безос ҳамда видеоўйинлар ишлаб чиқарувчиси Уилл Райт киради. Улар ўз муваффақиятларини ушбу усул билан боғлашган.
Маълумот ўрнида, «Ad Astra» сўзи лотин тилидан таржима қилинганда «Юлдузлар сари» деган маънони англатади.
STEM-таълим — бу фан (Science), технология (Technology), муҳандислик (Engineering) ва математика (Mathematics) соҳаларини ўз ичига олган таълим ёндашуви. Унинг мақсади — талабаларни реал муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларини, танқидий фикрлашни ва ижодкорликни ривожлантириш ҳамда уларни келажакдаги юқори технологияли касбларга тайёрлашдир. Диққат амалиётга, фанлараро ёндашувга ва жамоада ишлашга қаратилади.