Миробод туманидаги 214- ва 65-сонли умумий ўрта таълим мактабларида вирусли гепатит аниқлангани ҳақида Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси хабар берди.
Жорий йилнинг 3 декабрь куни Санепидемқўмита мутахассислари томонидан мазкур мактабларда эпидемиологик суриштирув ва санитария назорати ўтказилди. Текширув давомида қуйидагилар кўриб чиқилди:
– ўқувчилар ва мактаб ходимларининг ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтганлиги;
– шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш ҳолати;
– синфхоналарда тозалик ишларининг олиб борилиши ва жиҳозларнинг созлиги;
– иситиш тизимлари ва оқова сув тармоқларининг ҳолати;
– ҳожатхоналарда гигиена қоидаларига риоя қилиниши.
«Текширувлар натижасида, мактабнинг санитария ҳолати талабга жавоб бермаслиги маълум бўлганидан сўнг, аниқланган камчиликлар юзасидан мактаб раҳбариятига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди», — дейилади хабарда.
Бундан аввал ҳам Тошкент шаҳрининг турли туманларида вирусли гепатит билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилган эди. Хусусан, октябрь ойида Бектемир туманидаги 345-сонли мактабда, октябрь бошида эса ушбу тумандаги 290-сонли мактабда, ва Яшнобод туманларидаги 206- ҳамда 215-сонли мактабларда ҳам текширув ўтказган эди. Сентябрь охирида Яшнобод туманидаги 149- ва 198-сонли мактабларда, ундан олдин бўлса 227-умумтаълим мактаби каби мактабларда шунга ўхшаш текширувлар амалга оширилган.
Эслатиб ўтамиз, вирусли гепатит жигар ҳужайраларини зарарловчи касаллик бўлиб, организмда интоксикация — заҳарланишга олиб келади. Касалликнинг A, B, C, D, E, G каби турлари мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири жиддий саломатлик муаммоларига сабаб бўлиши мумкин.