Президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасд ташкилотчиларидан бири сифатида кўрилаётган Жавлон Юнусов Ўзбекистонда ўнлаб бизнес лойиҳаларда иштирок этиб келган. Kun.uz маълум қилишича, Юнусов Тошкент шаҳридаги «EMU-UNIVERSITY» МЧЖ муассисларидан бири сифатида 50 фоиз улушга эгалик қилмоқда.
Orginfo.uz сайтида ҳам бу шахс мазкур МЧЖ муассиси сифатида кўрсатилган.
Бир неча кун аввал Бош прокуратура қидирувда бўлган айбланувчи Жавлон Юнусов Жанубий Корея Республикасида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилингани ҳақида хабар берган эди.
Kun.uz суриштирувида «У таъсис этган фирмалар қураётган кўп қаватли турар-жой мажмуалари мижозларга келишилган муддатда топширилмагани маълум бўлди. Мижозларга ваъда қилинган квартиралар қурилмаган, улар тўлаган «пулни қайтаришни ваъда бераётган» сотув офислари айни пайтда ёпиқ.» дейилади.