Ижтимоий тармоқларда тарқалган Мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари кўз ўнгида бўғма илон билан «Илон ўйини» томошаси видеотасвири тарқалди. Ҳолат Болалар омбудсмани сўрови асосида ИИБ томонидан ўрганилган.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 24 октябрь куни Самарқанд вилояти Қўшработ туманида жойлашган мактабгача таълим муассасасида Иштихон туманида яшовчи Б.М. ва И.Б.лар МТМ 60 нафарга яқин тарбияланувчиларининг кўз ўнгида бўғма илон (қизил китобга киритилган, ноқонуний равишда сақланган йўлбарс питони – узунлиги 2,50 метр) билан цирк томошасини намойиш қилишган.
Текширув давомида, М.Б. ва Б.И.лар томонидан моддий манфаатдорлик эвазига Қўшработ туманида жойлашган яна 8 та умумтаълим мактабларда ҳам мазкур бўғма илон билан цирк томошаси ўтказилганлиги аниқланган (жами – 840 нафар ўқувчи томошабин бўлиб иштирок этган).
Шунингдек, Б.М. фаолият юритувчи МЧЖ томонидан Қўшработ туман ҳудудида 31.12.2024 йилга қадар замонавий цирк томошаларини ўтказиш учун рухсатномаси бўлсада, унинг доирасида «илон ўйини» кўзда тутилмаган.
26 ноябрь куни Б.М. томонидан ноқонуний равишда сақланган йўлбарс питони мутахассислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб, вилоят Экология бошқармасига тегишли тартибда топширилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилиб, вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан қонуний чоралар кўрилаётгани маълум қилинган.