1) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 47-моддасига асосан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши:
— базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
2) Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 27.06.2023 йилдаги 190-сонли буйруғи билан тасдиқланган умумий ўрта таълим муассасаси синф раҳбарининг йўриқномасига мувофиқ, синф раҳбари синфдаги давоматни назорат қилиши, бу ҳақида ота-оналар билан боғланиб, келмаганлик сабабларини аниқлаши ва мактаб раҳбариятига ахборот киритиши керак.
Ушбу буйруқнинг 1-иловасига асосан ММИБДЎнинг лавозим мажбуриятларидан бири бу синф раҳбарларининг фаолиятини ташкил этиш, ўқувчиларининг давоматларини назорат қилиш ҳисобланади.
Шунга кўра, агар синф раҳбар юқоридаги мажбуриятни бажармаган бўлса, унда синф раҳбарга Меҳнат кодекси 312-моддасига асосан интизомий таъсир чораси қўлланилади.
Бироқ, синф раҳбар давомад масаласида ўз мажбуриятини бажарганда бу жавобгарлик ММИБДЎга нисбатан қўлланилади.
Меҳнат кодекси 312-моддасига мувофиқ ходимга меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли:
1) ҳайфсан;
2) ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима.
3) меҳнат шартномасини бекор қилиш (100-модда иккинчи қисмининг 3 ва 4-бандлари).
Ушбу кодекс 313-моддасига кўра юқоридаги жазо турлари фақат уни қўллашга ваколатли шахслар томонидан берилиши мумкин. Ходимга интизомий таъсир чораси қўллашга иш берувчи ҳақли.