Миллий сертификат имтиҳонида она тили ва адабиёти фанидан  «Х вариант» нусхалар тарқалгани айтилмоқда

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 2-3-5-6 ноябрь кунлари она тили ва адабиёти фанидан Миллий сертификат олиш ва педагоглар аттестацияси тест синовлари ўтказилди.

 

 

Лекин ижтимоий тармоқларда 28-30 октябрь кунларида «Х вариант» нусхалар тарқалгани одамлар орасида норозичиликни юзага келтирган.

 

 

Таҳририятимизга келган мурожаатларга кўра, турли хил каналлар орқали «Х вариант» бизнеси авж олганини билдиришган.

 

 

Тест саволлари тарқалиб кетган (ми)?

 

 

«Тест саволлари ҳамма жойда чиқиб кетган. Мен фарзандимни имтиҳондан чиқишини кутиб ўтирганимда олдимдаги ота-оналар Даврон Акбарнинг китобидан тушаётган экан деб айтиб қолишди. Фарзандим имтиҳондан чиққач, худди шу китобдан айнан шу саволлар тушди деб тасдиқлади. Баъзи ота-оналар тест саволларининг хар бирини 20мингдан сотиб олишганини айтишди. Онлайн тайёрланган ўқувчилар эса устозимиз айтган саволлари тушди деб хурсанд чиқишди», — деди мурожаатчи.

 

 

 

 

 

 

«Мана яна бир асос. Эссега тушиши мумкин бўлган минглаб мавзулар бўлган пайтда имтиҳондан 2 кун олдин айнан шу мавзуни эҳтимолий деб олишди ва айнан шу эссе мавзуси имтиҳонда тушди. Буни имтиҳондан олдин эҳтимолий деб айтиш учун инсон АВЛИЁ бўлиши керакку», — деди мурожаатчи.

 

 

 

 

 

«Мен фарзандимни имтиҳондан кейин қанчалик сиқилиб, йиғлашини кўриб чидай олмаганим учун ёздим. Сабаби мен 19 ёшидаги фарзандимни йўқотиб бўзлаб йиғлаб қолган бир онаман. Фарзанд доғини ҳеч бир инсон кўрмасин. Менга фарзандимни соғлиғи 1-ўринда. Аслида мени ҳеч кимга ғараз ниятим йўқ. Аммо пул топаман деб ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган инсонлардан хафа бўламан.

Миллий сертификат олиш учун кечани ухламай бедор ўтказиб, дарс тайёрлаётган ёшларга раҳмим келади. Президентимиз ёшларни қўллаб-қувватлаб турган бир пайтларида ноинсофларнинг бу иши тўғри эмас. Уларнинг ҳам фарзандлари худди бизни фарзандларимиз каби қийналмайдимикан?»,— деди иштирокчилардан бирининг онаси.

 

 

 

«Тест саволларидан фақат бир марта фойдаланилади» – агентлик изоҳи

 

 

Бу масала бўйича Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги матбуот котиби Зоҳид Шакаров билан боғландик. Агентлик вакили эссе мавзулари тарқалгани ҳақидаги маълумотларни рад қилди.

 

 

«Саволларда Раш модели ёрдамида вариантларни бир-бирига боғлаш жараёнида аввалги фойдаланилган саволлар ҳам тушиб қолиши мумкин. Лекин тўлиқ вариант кейинги имтиҳонларда фойдаланилмайди.

Фақат Раш модели бўйича баҳолангандан кейин вариантларни тенгсизлигини таъминлаш учун олдинги саволлардан 2-3 таси тушиб қолиши мумкин. Агар саволлар тарқалиб кетди деган нарса ростан бўлганида шов-шув бўлар эди. Бизга мурожаат қилишган бўларди, лекин ундай ҳолат ҳали бўлмади», – деди Зоҳид Шакаров.

 

 

Таъкидланишича, миллий сертификат имтиҳонлари учун тайёрлантираётган ўқитувчилар ҳам шулар асосида мавзу шакллантириб ўқитган бўлишлари мумкин. Эсседа ҳам шундай долзарб мавзулардан фойдаланилган, вазиятга муносабатлари ҳамда қарашлари сўралган, лекин айнан бирга бир тушган ҳолатлар кўзга ташланмаган.

 

 

«Агар ҳақиқатан ҳам аввалги имтиҳонлардаги саволлар такрорланган бўлса ҳуқуқий органларга мурожаат қилишлари мумкин», – дея қўшимча қилди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги матбуот котиби.

 

 

«Мени айбламанг» – китоб муаллифи муносабат билдирди

 

 

 

Ушбу жараёнларга ота-оналар томонидан тестлар тушаётгани иддао қилинаётган китоб муалифи ижтимоий тармоқларда тарқалган тестлар аввалги йилларда [январь февраль] гуруҳидаги материаллар эканлигини қайд этган.

 

 

«Мени айбламанг. Ўқитувчи имтиҳондан 4-5 соат олдин қўлида қандай ёрдам бўлса, боласига беришга ҳаракат қилади. Агар фақат ёдлатиш мақсадимиз бўлганда эртароқда ташлаб бериб ёдлатардик. Бундан ташқари сиз кўрган расмдаги барча тестлар «Миллий сертификат» китобида турибди. Китобдаги тестлар ихчам қилиб, гуруҳга жойланган.

Энг асосийси, биз тестларни кимгадир пулламадик. Эҳтимолий тушиб қолса, деб ташлаб бердик. Тушмаса ҳам ҳеч нарса ўзгармас эди. Биз имтиҳонда тушадиган тестларни берамиз деб ҳам онлайн курс очмадик. Охирида ёрдам тариқасида берилди ва мабодо тушиб қолса деб огоҳлантирдик.

Биз доим имтиҳон олдидан эҳтимолий тушиши мумкин бўлган тестларни ва мавзуларни каналимизда айтиб борамиз. Шунда ҳам эҳтимолий деймиз.

Исталган ўқитувчи 3 ойлаб ўқитган ўқувчиларига ёрдам беради. Хас устида турса ҳам, ниманидир илинади. Биз бизнес қилмадик ва бу борада омма учун очиқмиз», — дейилади муносабатда.

 

 

«Ўзингизни оппоқ кўрсатишни бас қилинг!» – жамоатчилик вакиллари нима дейди?

 

 

Айни пайтда ушбу жараёнларга муносабат билдираётган жамоатчилик вакиллари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигини миллий сертификат имтиҳонларидаги тестлар тестологлар томонидан эмас, репетиторлар томонидан тузилганини таъкидлашмоқда.

 

 

«Ассалому алайкум, ҳурматли миллий сертификатга тайёрловчи, энди эса «виждон, инсоф, тозаланиш» ҳақида бонг ураётган «гигант»лар. Асли,сиз, шу «шоқоллар» нинг бошида турибсиз!

«Сен ўқитасан, қолганлар пул билан олса, алам қилади» деб бўлган ишнинг «орқасини шуваб» қўяётганлар, сиз ҳам камида 2 ноябрь куни манба қаерда эканлигини англаб, ўқувчиларингизни қориликка бошлаган эдингиз. Манба эса кимларнингдир «муаллифлик» китоби.

(Илтимос, ўзингизни оппоқ кўрсатишни бас қилинг.)

Ёки бутун бошли БМБА да тестолог қолмай репетиторлар тузиб оммага эълон қилган китобдан тест «ўғирлади». Муаллифлик ҳуқуқи талаб қилиндими? Гонорар олиндими?

Ҳамма жим…

Ҳурматли «тестологлар» китобингиздан тест олингани мутлақ «тасодиф»ми ёки «Х вариант» бу китоблар эдими? Балки, китоб сотуви ва нархни ошириш мақсаддир. Эҳтимоллар кўп…», — дейилган хабарда.

 

 

Ta’lim xabarlari сайти ушбу масала бўйича мутасаддилар томонидан билдириладиган қўшимча изоҳлар учун очиқ. Вазиятни ўрганишда давом этамиз.

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры