2025-2026 ўқув йилидан бошлаб ҳар бир мактабда спорт клублари ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жисмоний тарбия фани ўқитилишини такомиллаштириш ва ўқитувчиларнинг касбий фаолиятини ривожлантиришга оид қарори қабул қилинди. Ушбу қарор, мактаб ўқувчиларини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда спорт соҳасида истеъдодли ёшларни аниқлашга қаратилган қатор чора-тадбирларни назарда тутади.

Қарорда жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун замонавий ўқув-методик қўлланмалар ишлаб чиқиш, уларнинг касбий маҳорати ва малакасини ошириш учун махсус ўқув дастурларини янгилаш вазифалари белгиланган. Шунингдек, фани ўқитувчиларини танлов асосида шакллантириш ва уларнинг малакасини баҳолашнинг янги тизими ишлаб чиқилади.

 

Бундан ташқари, мактабларда ўқувчилар бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун спорт клублари ташкил этилади. Ушбу клубларнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

 

 

– жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилиш;

 

– истеъдодли ёшларни аниқлаш;

 

– ўқувчилар ўртасида турли спорт мусобақалари ва оммавий тадбирлар ўтказиш;

 

– спорт турлари бўйича халқаро мусобақаларда иштирок этиш учун жамоалар тайёрлаш.

Мактаб спорт клублари фаолияти

 

2025-2026-ўқув йилидан бошлаб ҳар бир мактабда босқичма-босқич спорт клублари ташкил этилади. Клублар орқали ўқувчиларга жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиш учун шароит яратилади, турли мусобақалар орқали иқтидорли ёшлар саралаб олинади.

 

Шунингдек, мактаб спорт клублари таркибидаги аъзо ўқувчилар учун халқаро спорт мусобақалари ғолиблари билан махсус машғулотлар ташкил этилади.

Ўқитувчиларнинг билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш бўйича миллий тизим яратилади. Шунингдек, мактабларда ўқувчиларнинг спортга жалб этилганлик даражаси, спорт клублари фаолияти самарадорлигини баҳоловчи рейтинг тизими жорий этилади.

 

Бундан ташқари, жисмоний тарбия ўқитувчиларига малака тоифасини беришнинг янги тизими жорий этилади. У икки босқичда амалга оширилади: тест синовлари ва амалий имтиҳон.

«Беш ташаббус олимпиадаси»

 

Қарорда ҳар йили мактаб ўқувчилари ўртасида мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол, воркаут каби спорт турлари бўйича «Беш ташаббус олимпиадаси» мусобақалари ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу мусобақалар уч босқичда ўтказилади: синфлараро, мактаблараро, ва ҳудудий босқичлар.

 

 

2025 йилда ушбу тадбирларни амалга ошириш учун молиялаштириш республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади, 2026 йилдан эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

 

 

Бу қарор Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида сифатли ва самарали таълим тизимини яратиш, мактабларда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш йўлида янги босқични бошлаб бермоқда.

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры