Германиянинг энг йирик университетларидан бири раҳбари таълим келажаги ҳақида фикр билдирди.
Свен Шютт, IU университети раҳбари, McKinsey консалтинг компанияси веб-сайтига берган интервьюсида таълимда сунъий интеллект (СИ) қўлланилиши ҳақида тўхталди. Унинг сўзларига кўра, СИ талабаларга нафақат янги фанларни ўрганиш, балки индивидуал ўқув жараёнини сезиларли даражада тезлаштириш имконини ҳам яратади.
Ўқув муддати қисқаради: имкониятлар ва хавотирлар
Университет мутахассисларининг баҳолашича, AI-тюторлар ёрдамида талабалар ўқув жараёнини 50% тезлаштириш мумкин. Свен Шютт таъкидлайдики, сунъий интеллект ёрдамида мактаб ва университетдаги умумий ўқиш муддати учдан бир қисмга қисқариши мумкин.
Бундай ўзгариш ёшларга бир қанча янги имкониятларни очиб беради:
- Битирувчилар меҳнат бозорига тезроқ чиқишади.
- Улар реал иш шароитига мосроқ кўникмаларга эга бўлишади.
Бироқ таълимнинг қисқариши ижтимоий ва шахсий ривожланишга қандай таъсир қилиши номаълумлигича қолмоқда. Мактаб ва университет нафақат билим олиш, балки шахс шаклланиши ва ижтимоий кўникмаларни ривожлантириш учун ҳам муҳим экани таъкидланмоқда. Сунъий интеллект бу жараёнларни қанчалик қўллаб-қувватлай олади, ҳозирча савол бўлиб қолмоқда.
Ўқитувчининг роли бутунлай ўзгариб кетади
Свен Шюттнинг фикрича, технологиялар ўқитувчининг анъанавий вазифаларининг қайсиларини инсонларга қараганда яхши бажаришини аниқлаш зарур. У сунъий интеллект қўлланилиши мумкин бўлган икки муҳим жиҳатни таъкидлайди:
– ўқув дастурларини талабалар эҳтиёжларига мослаштириш (персонализация)
– баҳолаш жараёни
Унга кўра, ўқитувчиларни бу вазифалардан озод қилиш мумкин.
Шундай бўлса, ўқитувчида қандай вазифалар қолади? Свен Шютт таълимда ижтимоий контекст муҳим эканлигини таъкидлайди:
«Инсонларга таълимда ижтимоий муҳит керак бўлади, уни ўқитувчи яратади, қўллаб-қувватлайди ва ривожлантиради. Лекин таълимнинг бошқа жиҳатлари, жумладан баҳолаш ва ўқув дастурларини персонализация қилиш, сунъий интеллект ёрдамида сезиларли даражада такомиллаштирилиши мумкин. Бу, айниқса, ишлайдиган катталар учун муҳим, чунки уларга мослашувчан ва персоналлаштирилган таълим вариантлари зарур. … Келажакда ўқитувчилар билим берувчилар эмас, балки ижтимоий муҳит яратувчиларга айланади. Бизнинг ўқитувчиларимиз ҳақида билганларимизга асосланиб, бу роль улар учун кўпроқ фойда келтиришини тахмин қиляпмиз, ҳарчанд у анъанавий дарс ўтиш моделидан анча фарқ қилади. Мен шахсан буни ижобий ўзгариш деб ҳисоблайман, аммо бу сунъий интеллект ёрдамидаги ўқувчилар билан ҳамкорликнинг бутунлай янги шартларини келтириб чиқаради».
Умрбод таълимнинг гуллаб-яшнаш даври келади
Сунъий интеллект технологияларининг ижобий жиҳатларига қарамай, катта ечимини топмаган саволлар мавжуд.
Свен Шюттнинг фикрича, сунъий интеллект ёрдамида одамлар умрбод таълимни ўзига хос тарзда қабул қила бошлайди. У ҳар бир инсон шахсий AI-компаньонга эга бўлишини тахмин қилади:
«AI-компаньон бизга нимани ўрганиш кераклигини эслатиб туради ва барча маъмурий вазифаларни бажаради. Бу бизнинг ўқиш жараёнига кўпроқ эътибор қаратиш имконини беради».
Бундай келажакда формал таълим ва шахсий қизиқиш учун олиб бориладиган норасмий таълим чамбарчас боғлиқ бўлади.
Маълумот учун, Свен Шютт IU Group бош директори — Халқаро амалий фанлар университети IU ташкилотчиси. Университетда 130 мингдан ортиқ талабалар таҳсил олади ва у 250 дан ортиқ дастур ҳамда 600 га яқин малака ошириш курсларини таклиф этади.