Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги 37-сон фармони ижросини таъминлаш доирасида кўзи ожиз шахсларга хорижий тилларни ўрганишда қулай шароит яратиш мақсадида махсус тест форматининг апробацияси ўтказилди.
Билимни баҳолаш агентлиги томонидан ташкил этилган ушбу апробация синовида республиканинг турли ҳудудларидан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган 90 нафар кўзи ожиз талабгор иштирок этди.
Агентлик вакиллари синов натижаларини таҳлил қилиб, форматни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режасини белгиламоқда. Келгусида ушбу махсус формат асосида хорижий тиллар бўйича сертификат имтиҳонлари ташкил этилиши кутилмоқда.
Мазкур синов кўзи ожиз шахсларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ва уларга қулай ҳамда адолатли шарт-шароитлар яратиш йўлида муҳим қадамдир.