Таҳририятимизга бир гуруҳ ўқитувчилар онлайн имтиҳон кеч бошлангани, тизимда қотишлар юзага келгани ва саволлар ўта мураккаб тузилгани ҳақида бир неча мурожаатлар келиб тушган.
Унга кўра, жорий йил октябрь-ноябрь ойларида ўтказилаётган аттестация имтиҳонларидан, жумладан физика, тарих ва информатика фанларидан бўлган тестларда иштирок этган қатор ўқитувчилар тест синовлари вақтида тизимларда қотишлар ҳамда саволларда мураккабликлар юзага келганини билдирган.
«31 октябрь куни физика фанидан навбатдан ташқари аттестацияда қатнашдим ва 72 балл олдим. Натижада олий тоифага ўта олмадим. Шуни айтиб ўтишим керак-ки, мен 15 йилдан бери репетиторлик қиламан ва аттестацияда саволлар қийинчилик билан ишлаб чиқдим. Саволлар анча мураккаб ва баъзилари хато тузилган, айримлари эса тўлиқ эмас», — дейди физика ўқитувчиси.
Аввалроқ, физика ва информатика фани ўқитувчилари билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилгани ҳақида маълум қилишган эди.
«29 октябрь куни информатика фанидан ўтказилган аттестация жараёнида техник узилишлар содир бўлди. Тест ишлаб турган жараёнимизда ҳам 3 марта узилиб қолди, 11:00 да бошланиш керак бўлган тест эса 12:30 да бошланди.
Биз тест бошланишини 2 ярим соат кутиб ўтирдик ва бунча вақт кутавериб ҳам руҳан, ҳам жисмонан чарчадик. Бу ҳолатда қандай қилиб тест ишлаш мумкин. Тизим бунчалик талабга жавоб бермас экан, уни ташкил қилиш керак эмасди, менимча.
Саволларнинг эса математикадан фарқи йўқ, фоизлар, тригонометрик функциялар ҳам бор. Саволлар 1 ёки 1 ярим дақиқага мўлжалланган бўлиши керак эмасми, баъзи саволларни 5 дақиқада ҳам ишлаб бўлмайди. Тест тузаётганда оз бўлсада ҳақиқатга яқинроқ қилиш керак. Аттестацияни бир йилда икки марта эмас, бир марта сифатли қилиб ўтказиш керак.
Шу бир йил ичида иккинчи марта шу аҳволга тушишимиз. Баҳорги аттестация ҳам кузги аттестация ҳам бир хил бўлди. Вазирлик мутасадди ходимларига мурожаатим: тестни инсон ечади, компьютер эмас.
Шу ҳисобга олиниши керак, информатика ўқитувчилари компьютер эмас. Саволлар спецификацияда берилган рўйхатдаги дарсликлардан тайёрланишини сўраб қоламан ва аттестацияга қайта топширишга рухсат берилиши керак. Вақт етмаяпти, тизим эса деярли ишдан чиққан. Бугун республикадаги деярли 98% педагоглар тестдан йиқилган ва бу кетишда ишлашга бўлган қизиқишимиз ҳам йўқолади», — дейди информатика фани ўқитувчиси.
Маълумот учун, 2023 йилнинг декабрида Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларининг педагогларига малака тоифалари беришнинг янги тартиби белгиланиб, 2024 йилнинг 1 январидан жорий қилинган.
Унга кўра, малака тоифасини олиш бўйича синовлар бир йилда камида бир маротаба икки босқичда ўтказилади ҳамда биринчи босқичда талабгорнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси, иккинчи босқичда – педагогик маҳорати баҳоланади.
«9 ноябрда тарих фанидан ўтказилган аттестациядан норозимиз. Агар биз ечган тестларни вазирликдагилар ҳам ишлаб, 60-70-80 балл олишса, марҳамат тестдан рози бўламиз ва ўта олишмаса тестни қайта ташкиллаштиришларини сўраб қоламиз. Аттестациядан мақсад «ўқитувчини синдириш»-ми? Ёки «ўқитувчига ғамхўрлик қилиш»-?
2-тоифага, 1-тоифага, олий тоифага ҳам бир хил тест ва бир хил 98-% мураккаблаштирилган тестлар ташкил қилинган», — дейди тарих фани ўқитувчиси.
«Аттестация тест синови бир курашга айланиб қолди. Бу курашда ҳакам — Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги. Курашга тушувчилар эса мактаб ўқитувчилари.
Назаримизда, тузилган саволлар иложи борича ўқитувчиларни ўтказмаслик учун тузилганга ўхшайди. Шу тузилган тестларни вазирликда ишлаётганлар ҳам, тест марказидаги ходимлар ҳам ишлай олмайди. Бу нима зиёлиларни устидан кулишми? Ё тоифа бермаслик учун қилинган ҳаракатми? Ваҳоланки, узоқ йиллар таълими соҳасида ишлаб орттирганимиз касб касаллиги бўлди. Бир яхшироқ велосипед олиб минишга қурбимиз етмайди. Оддий таксист ёки тракторчи ҳам биздан, яъни ўқитувчилардан яхши яшайди. Бу касбнинг номи улуғ супраси қуруқ. Ўқитувчининг тоифаси, унинг иш фаолиятида кўринади, ечган тестида эмас. Шу тестни тузганлар ўйлаб кўрганми? Аслида ўқитувчининг фаолиятини баҳолаш мезонини қайта кўриб чиқиш керак. Унинг иш фаолиятини, ўқитиш самарадорлигини кўриб чиққандан кейин баҳолаш мақсадга мувофиқ келади. Бу менинг шахсий фикрим. 42 йиллик меҳнат фаолиятига эгаман. 42 йиллик фаолиятим давомида таълим соҳасида ҳозиргидай ноҳақликни кўрганим йўқ Вазирликнинг бундан мақсади тоифага ўтказмасликми?», — дейди ўқитувчи.
Маълумотларга кўра, аттестацияда тушадиган саволлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази томонидан тузилган.
Маълумот ўрнида, педагоглар олган тоифасига қараб маош тўланиши белгиланган.