Самарқандда 8-синф ўқувчиси бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, зўрлангани айтилмоқда

2024-йилнинг 23 октябрь куни Самарқанд вилояти Қўшработ туманида 8-синф ўқувчиси ўғирлаб кетилган. Мазкур ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган.

 

 

Қариндошларининг сўзларига кўра, орадан маълум вақт ўтгач, улар қизлари йўқолгани ҳақида ариза ёзишган.

 

 

Шундан сўнг, 6 ноябрь куни қиз баданида зўравонлик излари билан топилган. Қизнинг сўзларига кўра, уни бир неча кун калтаклаб, спиртли ичимликлар ва ноқонуний моддалар қабул қилишга мажбурлаб, иродасига қарши ушлаб туришган ва зўрлашган. Унинг яқинлари қизни шифокорга олиб боришган.

 

 

ЎзР Ички ишлар вазирлиги аниқлик киритишича, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 119-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, барча иштирокчилар аниқланиб, тегишли суд-тиббий экспертиза тайинланган. Қиз яқинларининг сўзларига кўра, иш бир-икки кун аввал очилган ва зўрлаганлар орасида прокуратурада ишловчи шахс ҳам бўлиши мумкин (аммо у эски сана билан ишдан бўшатилган).

 

 

Жабрланувчининг яқинларининг сўзларига кўра, 7 ноябрь куни (қиз топилганнинг эртасига) терговчи уни гумонланувчилар билан битта машинада, лекин ота-онасисиз кўрикдан ўтказиш учун олиб кетган. Қиз эса эскперт эркак бўлгани учун экспертизадан бош тортган. Шунинг учун, экспертиза 10 ноябрь куни (яна қариндошларсиз) ўтказилган. Аммо қонида алкоголь ёки зарарли моддалар бор-йўқлигини текшириш учун ундан қон олинмаган.

 

 

Бундан ташқари, қизнинг қариндошлари прокуратурага боришганида ташқарида уларни психиатрик бригада кутиб турган, уларни участка нозири чақирган экан.

 

 

Жабрланувчи қиз билан мактаб психологи ҳам ишлаши мумкин эди, лекин мактабда унга бундай ёрдам тақдим этилмаган. Қиз мактабга бормагани учун унинг ота-онасига 1,2 млн сўм миқдорида жарима солишган. Айни дамда қиз мактабга боришдан қўрқмоқда, негаки ҳамма бўлган воқеадан хабардор.

 

 

Шунингдек, гумонланувчилар ҳали ҳам озодликда. Улардан бири Туркияга қочиб кетган. Шунингдек, қизга аризасини қайтариб олиши учун ҳар турли босим ўтказилаётгани айтилмоқда.

 

 

Мазкур ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани расмий хабарига кўра,

«Ҳолат юзасидан гумонланувчи шахсларга нисбатан ЖКнинг 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳозирда жиноят иши доирасида вояга етмаган қизга нисбатан тегишли суд-тиббиёт ва биологик экспертизалари тайинланган. Бу борада қўшимча ахборот берилади».

 

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры