Кейинги ҳафта Асвтралия парламентига 16 ёшгача болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклашга қаратилган қонун лойиҳаси тақдим этилади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Энтони Албаниз маълум қилди.
Ушбу қонун нима сабабдан қабул қилиниши кераклигини тушунтирар экан, у ижтимоий тармоқлар австралиялик болаларга етказаётган зарарни минималлаштириш лозимлигини таъкидлади.
«Австралиялик оилалар шуни билишини истардимки, ҳукумат сизга ёрдам беради», — дейди Албаниз.
Бош вазирнинг қайд этишича, ҳукумат қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда нафақат ота-оналар, педагоглар, бола тарбияси бўйича мутахассислар билан, балки платформалар билан ҳам маслаҳат қилган.
Ҳозирда Австралияда кўплаб ижтимоий платформаларда 13 ёшдан катта болаларга аккаунт очишга рухсат берилади, бироқ туғилган йилини хато кўрсатиш орқали ушбу талабларни четлаб ўтиш жуда осон.
Бундан олдин Норвегия бош вазир Ёнас Гар Стёре мамлакат ҳукумати 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш ниятида эканлиги ҳақида ҳам хабар бергандик. Ҳукумат раҳбарининг айтишича, бу «осон кураш» бўлмайди, аммо «болалар ижтимоий тармоқлардаги зарарли контентлардан ҳимояланиши керак».