Самарқанд шаҳридаги 42-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Афруза Ҳамдамова икки карра жаҳон чемпиони бўлди. Бразилияда ўтказилаётган ўсмирлар ўртасидаги ФИДЕ жаҳон чемпионатининг 16 ёшгача бўлган қизлар баҳсларида у муддатидан олдин ғалаба қозонди.
Афруза 10 та партияда 9,5 очко (9 ғалаба ва 1 дуранг) тўплаб, сўнгги тур натижасидан қатъий назар, рақибларини ортда қолдирди.
Шунингдек, Афруза ўтган йили ФИДЕ жаҳон чемпионатида 14 ёшгача бўлган қизлар ўртасида ҳам муддатидан олдин чемпионликни қўлга киритиб, Ўзбекистонда жаҳон чемпионига айланган илк аёл шахматчи бўлганди.