Агар шахс уйни бошқа бир шахсга ижарага берса, ижара ҳақидан тушган даромад солиқ солинадиган даромад ҳисобланади.
Солиқ кодексининг 375-моддасига кўра, мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромад мулкий даромадлар тоифасига киради ва жами даромад ҳисобига қўшилиб, даромад солиғи солиш объекти саналади. Шунингдек, Солиқ кодексининг 381-моддасига асосан, бу даромаддан 12 фоиз солиқ ундирилади.
Бироқ, агар шахс уйини талабага ижарага берса, солиқдан озод қилинади. Солиқ кодексининг 378-моддаси 19-бандига кўра, уй-жойни талабаларга ижарага беришдан келадиган даромад солиқдан озод қилинган.
Бу ҳолатда, талаба Фуқаролик кодексининг 600-моддасига асосан уй-жой ижараси шартномасини тузиши талаб этилади. Мазкур шартнома Фуқаролик кодексининг 603-моддасига биноан давлат солиқ органларида рўйхатдан ўтказилиши керак.