Навоий шаҳридаги Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси Азиза Неъматова «Women In Tech» глобал дастурининг Кавказ ва Ўрта Осиё минтақаси бўйича «Интилувчан ёш» мукофотини қўлга киритган илк ўзбекистонлик бўлди.
У ахборот технологиялари соҳасида катта натижаларга эришмоқда. Хусусан, «Киберхавфсизлик клуби» иш ўрганувчиси ҳамда «Girls in Research» лойиҳасида квант ҳисоблашларга асосланган замонавий компьютерлар бўйича илмий иш муаллифи ҳамдир.
Бундан ташқари, «TechGirls 2024» лойиҳаси доирасида космо-экологик робот устида иш олиб борган. Шунингдек, унинг ташаббуси билан таълим масканида «Navoi Tech Teens» дастурлаш ва киберхавфсизлик ИТ оромгоҳи ташкил этилган.
Маълумот ўрнида, «Women In Tech» 2017 йилда ташкил этилган глобал дастур бўлиб, унинг мақсади хотин-қизларни технологиялардаги иштирокини кенгайтиришдир.
Ушбу дастур дунё бўйлаб 56 дан зиёд мамлакатларда 250 мингдан ортиқ иштирокчиларни бирлаштирган. «Women In Tech»нинг бош офиси Францияда жойлашган.
Азиза Неъматова 2024 йилнинг 14 ноябрь куни Парижда бўлиб ўтадиган «Women In Tech» глобал дастурининг халқаро тақдирлаш маросимида иштирок этиши кутилмоқда.