Мактаб ва боғчаларда «темиратки» касаллиги оммавий тарқалгани рад этилди. Шунингдек, мутахассис сўзларига кўра, бу ўта хавфли касалликлар тоифасига кирмайди ва уни даволаш учун препаратлар етарли. Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази профессори Эгамберди Эшбоев маълумот берди.
Маълумотларга кўра, трихофития ёки халқ тилида «темиратки» деб номланган касаллик Ўзбекистонда кўпайиб кетгани йўқ. Ижтимоий тармоқларда бу ҳақда тарқалган хабарлар асоссиз. Шунингдек, бу касаллик кеча ёки бир кунда пайдо бўлмаган, у узоқ вақтдан бери бор. У ўта хавфли касалликлар тоифасига кирмайди.
«Трихофития касаллигининг манбаси баъзан ҳайвонлар бўлади. Болалар ҳайвонлар билан мулоқотда бўлганда ёки қассоблар касалликни юқтириб олиши мумкин. Унинг асосий белгилари терида озроқ тошма чиқади. Ҳозирги кунда бу касалликни даволашга мўлжалланган юздан ортиқ препарат бор ва уларнинг ҳаммаси бизда етарли. Касалликнинг диагностикаси ҳам мураккаб эмас. Умумий амалиёт шифокори ҳам бунга ташхис қўя олади. У ўта хавфли касалликлар тоифасига кирмайди»,- дейди Эгамберди Эшбоев.