Давлат хавфсизлик академиясига ўқишга қабул қилиш синовлари неча босқичдан иборат?

Академия таянч олий ҳарбий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати фаолияти йўналишлари бўйича офицер кадрларни тайёрлайди.

 

Бу академияга кимлар ҳужжат топшира олади?

 

Академияга бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида ўқишга, қоидага кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари бўлган, эркак жинсидаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.

 

Номзодларга қандай талаблар қўйилади?

 

Академияга бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқишга соғлиғининг ҳолатига кўра яроқли деб топилган, бўйи 170 см дан паст бўлмаган ҳамда белгиланган тартибда танловдан муваффақиятли ўтган қуйидаги ёш чегараларидаги номзодлар қабул қилинади:

 

– ўн етти ёшдан йигирма уч ёшгача бўлган, шу жумладан ўқишга қабул қилинган йили ўн етти ёшга тўладиган, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари;

 

– ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган, шу жумладан ўқишга қабул қилинган йили ўн саккиз ёшга тўладиган, офицерлар таркиби ҳарбий унвонларига эга бўлмаган, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал маълумотга эга резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар;

 

– ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал маълумотга эга, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ва контракт асосида ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар;

 

– йигирма олти ёшгача бўлган ва Академияда бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқиш истагини билдирган республика олий таълим муассасаларининг 1- ва 2-курс (қабул йилида) талабалари. Бунда, саралаб олишнинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтган номзодлар Академияда ўқишни биринчи курсдан бошлайди.

 

Академияда ўқишга номзодларни саралаб олиш қай тартибда амалга оширилади?

 

Академияда ўқишга кириш истагини билдирган номзодларнинг соҳанинг ўзига хос хусусиятлари ва белгиланган махсус талабларига асосан шахсий ва ишчанлик қобилиятларини чуқур ўрганиш бўйича махсус тадбирлар ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг тегишли бўлинмалари томонидан ДХХ ҳамда ПДХХнинг алоҳида ички идоравий ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга оширилади.

 

Академияга ўқишга танлов бошланганлиги тўғрисида қабул йилидан олдинги йилнинг 10-октабрига қадар ДХХнинг расмий веб-сайтида ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон берилади.

 

Танловда қатнашиш истагини билдирган номзодлар қабул йилидан олдинги йилнинг 10 ноябрига қадар ДХХнинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган белгиланган намунадаги электрон анкета-сўровномаларни тўлдирадилар. Электрон анкета-сўровномаларни тўғри тўлдирган номзодларга анкета-сўровномалар қабул қилинганлиги юзасидан 3 кун ичида электрон тарзда хабар юборилади ва улар ўқишга номзодлар рўйхатига киритилади.

 

Ўқишга қабул қилиш неча босқичдан иборат?

 

– дастлабки саралаб олиш;

 

– махсус касбий танлаш;

 

– тест синовлари.

 

Дастлабки саралаб олиш босқичи нималардан иборат?

 

Дастлабки саралаб олиш босқичида номзодларнинг умумтаълим даражасидаги билимлари, маънавий-ахлоқий сифатлари, индивидуал психологик, психофизиологик хусусиятлари, соғлиғи ва жисмоний тайёргарлиги, ҳарбий ихтисосликнинг замонавий талабларига жавоб бера олиш қобилияти, ғоявий-руҳий барқарорлиги ҳамда интеллектуал салоҳияти аниқланади.

 

Бу босқич номзодларнинг яшаш, ўқиш, хизмат жойи бўйича ДХХ бўлинма ва органлари, ПДХХнинг тегишли органлари ҳамда Академия мутахассислари томонидан ўтказилади.

 

Дастлабки саралаб олиш босқичида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

 

– дастлабки саралаб олиш тест синовлари;

 

– ҳужжатларни тўплаш ва дастлабки ўрганиш;

 

– индивидуал психологик ва психофизиологик ўрганиш;

 

– дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш;

 

– жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг дастлабки босқичи.

 

Эслатма! Дастлабки саралаб олиш тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиг ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ДХХ билан тузилган шартнома асосида номзоднинг она тили, Ўзбекистон тарихи, математика ҳамда чет тили фанларидан билим даражасини аниқлаш мақсадида қабул йилидан олдинги йилнинг 15 ноябридан 15 декабригача ўтказилади.

 

Бунда, тест синовларида иштирок этиш учун номзодлардан (тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади.

 

Тест топшириқлари шакли (фан мазмуни таркиби, саволлар сони, топшириқлар тури, вақт меъёри), баҳолаш мезонлари, тест синовини ўтказиш муддатлари Давлат тест маркази ва Академия томонидан тасдиқланади ҳамда уларнинг расмий веб-сайтларига тест синовлари бўлиб ўтишидан камида бир ой олдин жойлаштирилади.

 

Тест синовлари натижалари Давлат тест маркази томонидан тест синовлари тўлиқ якунлангандан кейин 5 иш куни ичида Академияга тақдим этилади ва ДХХнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

 

Тест синовлари натижалари бўйича тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг камида 30% (ўттиз фоиз) ини тўплаган номзодлар саралаб олиш тадбирларининг кейинги босқичларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Ҳужжатларни тўплаш ва дастлабки ўрганиш жараёни қандай амалга оширилади?

 

Номзоднинг ҳужжатларини тўплаш ва дастлабки ўрганишда ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг тегишли органлари томонидан қабул йилидан олдинги йилнинг 20 ноябридан 31 декабригача номзод тўғрисидаги зарур маълумотлар таҳлил қилинади (оилавий аҳволи ва бошқалар). Бунда, номзодларнинг ижтимоий фаоллиги, дунёқараши, маънавий-ахлоқий фазилатлари ва ишбилармонлик хусусиятлари суҳбат ўтказиш орқали аниқланади ҳамда ҳарбий хизматчи касбини танлаш билан боғлиқ сабабларга аниқлик киритилади.

 

Номзодларнинг ижтимоий фаоллиги, дунёқараши, маънавий-ахлоқий фазилатларини ва ишбилармонлик хусусиятларини аниқлаш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

 

– номзодларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушуниши, давлатни ва конституциявий тузумни ҳимоя қилиш асосларини билиши, шунингдек, фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаши;

 

– юқори даражадаги ҳушёрлик ҳамда ёт ғоя ва мафкураларга нисбатан қатъият билан курашиш зарурлигини англаши;

 

– бурч ва масъулиятни ҳис этиши, қатъиятлилик, ташаббускорлик, меҳнатсеварлик ва ҳалоллик каби фазилатларга эгалиги;

 

– жамоанинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашиши;

 

– замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдалана олиши ва етарли билим-кўникмаларга эга бўлиши;

 

– номзоднинг хизмат (меҳнат) фаолиятида, илгари ўқиган таълим муассасасида эришган натижалари.

 

Ҳужжатларни тўплаш ва дастлабки ўрганиш жараёнида соҳанинг ўзига хос хусусиятлари ва белгиланган махсус талаблар нуқтаи назаридан мос келмаган номзодлар дастлабки саралаб олишнинг кейинги босқичларига қўйилмайди.

 

Номзодларни индивидуал психологик, психофизиологик ва тиббий кўрикдан ўтказиш жараёни қандай бўлади?

 

Номзодларни индивидуал психологик ва психофизиологик ўрганиш ДХХ томонидан ишлаб чиқилган методикага мувофиқ қабул йилидан олдинги йилнинг 15 — 31 декабрь кунлари ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг тегишли органлари мутахассис-психологларидан ташкил топган психологлар гуруҳи томонидан амалга оширилади.

 

Номзодларни дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 декабрдаги ПҚ-4076-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ, номзодлар соғлиғининг ҳарбий хизматга яроқлилигини текшириш мақсадида ДХХнинг ҳудудий ҳарбий-тиббий комиссиялари томонидан қабул йилидан олдинги йилнинг декабрь ойида амалга оширилади.Дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича номзоднинг Академияда ўқишга яроқлилиги тўғрисида хулоса берилади.

 

Номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг дастлабки босқичи жойларда тегишли мутахассислар таркибида ташкил этиладиган Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича махсус комиссиялар томонидан қабул йилининг январь ойида мазкур Низомга 2-иловада келтирилган методикага мувофиқ амалга оширилади.

 

Ушбу босқичда спорт устаси унвони ёки спорт устасига номзодлик тўғрисидаги тегишли ҳужжатни тақдим этган номзодлар жисмоний тайёргарлик синовларидан озод этилади.

 

Махсус касбий танлаш босқичи нималардан иборат?

 

Махсус касбий танлаш босқичининг асосий мақсади Академияда ўқишга номзодларнинг соғлиғи, ДХХ ва ПДХХ ҳарбий хизматчиси касбини эгаллаш сабаблари, мустаҳкам маънавий-ахлоқий ва интеллектуал салоҳиятни аниқлашдан иборат.

 

Бу босқичда қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

 

– ҳужжатларни якуний ўрганиш;

 

– жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичи;

 

– якуний суҳбат;

 

– якуний тиббий кўрикдан ўтказиш.

 

Дастлабки саралаб олиш босқичларидан муваффақиятли ўтган номзодларга нисбатан ҳужжатларни якуний ўрганиш ДХХ ва ПДХХ ҳарбий хизматчиларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган махсус талабларни инобатга олган ҳолда қабул йилининг январь — апрель ойларида амалга оширилади.

 

Номзодларни якуний суҳбатдан ўтказиш босқичи қандай амалга оширилади?

 

ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг вакилларидан иборат таркибда тузилган якуний суҳбат ўтказиш комиссиялари томонидан номзоднинг касб танлаш сабаблари, маънавий-ахлоқий фазилатлари, умумий дунёқараши, қизиқишлари, ижтимоий фаоллиги, таълим муассасасидаги фанларни ўзлаштириш даражасини ҳар томонлама ўрганиш, келгусида ДХХ ва ПДХХнинг офицерлик лавозимларида хизмат фаолиятини давом эттира олишга муносиблигини аниқлаш ҳамда коллегиал тарзда хулоса чиқариш асосида қабул йилининг апрель май ойларида амалга оширилади.

 

Муҳим! Номзодларни якуний тиббий кўрикдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 декабрдаги ПҚ-4076-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ, ДХХнинг марказий поликлиникаси ва ҳудудий бошқармаларда ташкил этилган махсус ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан қабул йилининг июнь ойида амалга оширилади.

 

 

Номзодларга бериладиган қандай имтиёзлар мавжуд?

 

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ва Академияга ўқишга имтиёзли кириш учун ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган фуқароларга тест синови натижалари бўйича улар тўплаган баллнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл кўринишида имтиёз берилади.

 

2. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идораларнинг контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган офицерлар, сержантлар ва оддий аскарлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларининг ва Миллий гвардиянинг хизматдаги ходимларининг тегишли вазирлик ҳамда идоралар тавсияномалари берилган фарзандлари дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтиш натижалари бўйича Академиянинг белгиланган қабул квотаси доирасида ўқишга кириш ҳуқуқидан фойдаланади.

 

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сержантларининг мақоми тўғрисида» 2004 йил 12 апрелдаги 170-сон қарорига мувофиқ:

 

– «Илғор сержант» номинациясида республика турининг ғолиблари бўлган сержантлар дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтиш натижалари бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан тест синовлари топширмасдан ўқишга қабул қилинадилар;

 

– Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг сержантлар таркиби лавозимларида 5 йил бенуқсон хизмат қилган сержантларга эса ижобий тавсифномалар, қўмондонлик, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда ютуқлари мавжуд бўлган тақдирда, Академияга ўқишга қабул қилишда тўпланиши мумкин бўлган энг кўп баллнинг 20 фоизи миқдорида қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.

 

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва Давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 28 июндаги ПҚ-4375-сон қарорига кўра:

 

– «Темурбеклар мактаби» ҳамда «Ёш чегарачилар» ҳарбий академик лицейлари битирувчилари Академияга ўқишга киришда Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишидаги имтиёздан фойдаланади;

 

– имтиёзли диплом олган ДХХ «Темурбеклар мактаби» ҳамда «Ёш чегарачилар» ҳарбий академик лицейларининг битирувчилари Академияга тест синовларисиз, дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтиш натижалари бўйича Академиянинг белгиланган қабул квотаси доирасида ўқишга кириш ҳуқуқидан фойдаланади.

 

5. Президентнинг 2022 йил 16 февралдаги ПҚ-129-сон қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий мусиқа академик лицейи битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга киришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдорида балл шаклида имтиёз берилади.

 

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2022 йил 2 мартдаги ПҚ-150-сон қароридан келиб чиқиб, «Ватан таянчи» ҳаракатининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган «Ватан таянчи» отряди аъзоларига Академияга ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклида имтиёз берилади.

 

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4306-сон қарорига асосан, асосий олимпиадаларнинг республика босқичида 1 — 3-ўринларни эгаллаган шахслар 3 йил муддат давомида амал қилувчи ихтисослик фани бўйича сертификат асосида Академияга тест синовларида, имтиёз сифатида, максимал балл тўплаган ҳисобланади.

 

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги ПҚ-4296-сон қарорига мувофиқ, Академияга курсантларни қабул қилишнинг умумий сонидан «Меҳрибонлик» уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун улар дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтган тақдирда, қўшимча равишда бир фоизгача қабул квоталари ажратилади.

 

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4306-сон қарорига кўра, асосий олимпиадаларнинг республика босқичида 1 — 3 ўринларни эгаллаган иштирокчиларга уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификатга мувофиқ ихтисослик фани бўйича кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқи берилади.

 

Бундан ташқари, Халқаро математика олимпиадаси (IMO), Халқаро физика олимпиадаси (IPhO), Халқаро кимё олимпиадаси (IChO), Халқаро биология олимпиадаси  (IBO), Халқаро информатика олимпиадаси (IOI) ғолиблари, шунингдек, Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиблари бўлган умумтаълим ва профессионал таълим муассасаларининг ўқувчилари дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтган тақдирда Академия қабул комиссиясининг қарори билан Академиянинг белгиланган қабул квотаси доирасида тест синовларисиз қабул қилинади.

 

10. Чет тилини билиш даражаси ҳақидаги халқаро тан олинган сертификат (TOEFL бўйича камида 72 ёки IELTS бўйича камида 5,5 балл, TestDaF (TDN3), CEFR бўйича камида В2) ёки Давлат тест маркази томонидан бериладиган чет тилини билиш даражаси ҳақидаги В2 ва ундан юқори даражадаги сертификат тақдим этганларга чет тили фанидан тўплаш мумкин бўлган максимал балл қўйилади ҳамда улар чет тилидан тест синовларида иштирок этмайди.

 

Шу билан биргаликда, миллий сертификатга эга бўлган номзодларга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда кириш тест синовларида ушбу умумтаълим фанидан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл берилади ҳамда улар ушбу фандан тест синови топширмайди.

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры