ChatGPT каби янги сунъий интеллект воситалари ҳақиқатан ҳам тилни одамлар каби тушунадими? Сунъий интеллект чатботлари ва катта тил моделлари ривожланар экан, уларнинг инсон таълимига таъсири ва имкониятлари ҳақида янги саволлар туғилмоқда.
Катта тил модели (Large Language Model) — бу инсон тилини тушуниш, яратиш ва жавоб беришга мўлжалланган илғор сунъий интеллект моделидир. Айниқса, сунъий интеллект технологияси сунъий умумий интеллект даражасига етиши мумкин деган фаразлар таълим ва жамиятга катта ўзгаришлар киритиши мумкин.
Бу мавзуга бағишланган янги китоб, ChatGPT ва Сунъий интеллект келажаги, ChatGPT нинг келиб чиқиши ва мия илми ҳамда йирик тил моделларининг ривожланишидаги узвий боғлиқликни ўрганади. Унинг муаллифи, Сан-Диэгодаги Калифорния университети биология профессори ва Нейрон ҳисоблашлар институти ҳамдиректори Терренс Сейновски, инсон мияси ва ҳисоблаш моделларини ўрганиш билан шуғулланувчи олимдир. Илк фаолиятида қора туйнуклар физикаси билан шуғулланган, кейинчалик инсон миясининг сирларини лаборатория шароитида ўрганишга қизиқиб, неврологияга ўтган.
«Менга мия ҳам коинот каби сирли туюлди. Бунинг афзаллиги шундаки, сиз ўз лабораториянгизда тажрибалар ўтказишингиз мумкин ва сизда сунъий йўлдош бўлиши шарт эмас,» — деган у Edsurge вебсайтига берган интервьюсида.
Узоқ йиллар давомида Сейновски нейрон ҳисоблашларини ривожлантириш учун неврология билимларини қўллаб келган. У, шунингдек, Нобел мукофоти лауреатлари Джон Хопфилд ва Жеффри Хинтон билан ҳамкорлик қилган. Бугунги кунда эса ҳисоблаш технологиялари ва алгоритмлар юксак даражада ривожлангани сабабли, сунъий интеллект ва неврология соҳалари бир-бирини тўлдириб, ҳатто инсон тафаккури ҳақида анъанавий тушунчаларни қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда.
«Ҳақиқатан ҳам, биз ътушунишʼ нима эканлигини тушунмаслигимиз аниқланди. Биз бу сўздан фойдаланамиз ва унинг маъносини тушунамиз деб ўйлаймиз, лекин мия ниманидир қандай тушунишини билмаймиз. Биз нейронлардан ёзиб олишимиз мумкин, лекин бу унинг қандай ишлашини ва сиз ўйлаётганингизда аслида нима содир бўлаётганини тушунтирмайди,»— деган Сейновски.
Шунингдек, у сунъий интеллект чатботларининг шахсий репетитор сифатида таълим жараёнига инқилобий ўзгариш киритиш имкониятига эга эканлигини лекин ҳозирги моделлар инсон мияси механизмларининг фақат бир қисмини акс эттираётганини таъкидлаган.
«Омон қолиш, фаолият ва онгни сақлаб қолиш учун муҳим бўлган юзлаб мия қисмлари мавжуд. Сунъий интеллект ўқитувчилари ҳақиқий самара бериши учун инсон онгининг қўшимча жиҳатлари ҳам симуляция қилиниши керак бўлиши мумкин,» — деган у.
Таълимдаги сунъий интеллект имкониятлари ҳақида энтузиазм билан гапирган Сейновски, шу билан бирга, ижтимоий тармоқлар дезинформация муаммоларини келтириб чиқарганидек, AI технологияларининг кутилмаган салбий оқибатлари ҳам бўлиши мумкинлигини огоҳлантиради.
«Тартибга солиш керак бўлади, аммо у ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлмагунча ва у ишлатилмагунча унинг таъсири нима эканлигини, қандай ишлатилишини кўрмагунча, биз нимани тартибга солишни билмаймиз,» — дейди у.
Яқинда Edsurge подкастига берган интервьюсида Сейновски, шунингдек, сўнгги ўн йил ичида тўрт миллиондан ортиқ талабаларни жалб қилган «Қандай ўрганишни ўрганиш» номли муваффақиятли онлайн курсини ҳам муҳокама қилган. Сунъий интеллект ривожланишда давом этар экан, унинг тадқиқотлари инсон ва сунъий ўрганиш ҳақидаги тушунчаларимизнинг янги чегараларини ўрганишга ёрдам беради.