Меҳнат кодексига кўра, қуйидаги 4 ҳолатда ходимларга қўшимча таътиллар берилиши мумкин:
– меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимларга;
– ноқулай табиий-иқлим шароитларида иш бажараётган ходимларга;
– ташкилотда ёки тармоқда кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга;
– қонунчиликда, жамоа келишувларида, шунингдек, жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Қўшимча таътилларни бериш тартиби қандай бўлади?
Меҳнат кодексининг 222-моддасига асосан, ҳар йилги меҳнат таътилининг умумий давомийлигини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар ҳар йилги асосий энг кам таътил ёки ҳар йилги асосий узайтирилган таътилга қўшиб жамланади.
Агар ходим қўшимча таътил бериладиган тоифанинг иккитасига тушса, бунда таътил бериш тартиби қандай бўлади?
Асосий йиллик таътил 21 кун + МК-220-моддаси билан 10 йил ишлагани учун 4 кун + жамоа шартномасида назарда тутилган қўшимча таътил 5 кун, жами 30 кун таътил ҳисобланади.
Эслатма! Таътилнинг умумий куни 56 календарь кундан ўтиб кетмаслиги керак. Меҳнат кодексининг 222-моддаси 2-қисмига кўра, барча ҳолларда қонунчилик билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг давомийлиги бир иш йили учун 56 календарь кундан ошиб кетиши мумкин эмас.