Куни кеча ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Асака туманидаги 37-умумтаълим мактаби ўқитувчи-педагоглари мажбурий меҳнатга жалб қилингани бўйича хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилди. Мактаб директори ўз кўрсатмасида, таълим муассасасида қурилиш ишлари олиб борилгани, шу сабабли қурилишдан чиққан чиқиндиларни тозалаш ишларига 30 га яқин ўқитувчи-педагог ва техник ходимларни мажбуран жалб қилгани, ходимлар иш ставкалари ва дарс соатлари қисқариб кетишидан хавотир олиб ушбу ишларни кўрсатмаси асосида бажарганини қайд этган. Ўрганиш давомида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 25-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 349-сонли қарори талабларини бузганлиги аниқланган. Kun.uz манбасига кўра, Асака туманидаги 37-умумтаълим мактабида ўқитувчилар оғир қурилиш ишларига жалб қилинган. Ўқитувчилар асосан қурилиш чиқиндиларини ташиш билан шуғулланган. Улар ишга мактаб директорининг топшириғи билан чиққан. Иш жараёнида мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси йиқилиб, қўли синган. Шу сабабли, Асака туманидаги 37-умумтаълим мактаби директорига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари (34 миллион) миқдорида маъмурий жарима қўлланган.