Торонто университети психология профессори Канг Ли минглаб болаларни ўрганиб, уларнинг қандай қилиб ёлғон гапиришни ўрганишини ва бу жараённинг уларнинг ижтимоий ва ахлоқий тушунчаларига қандай таъсир қилишини аниқлади.
Баъзи ота-оналар фарзандлари илк бор ёлғон гапирганида хавотирга тушишади. Аммо профессор Ли учун бу – болаларнинг соғлом ривожланишининг табиий қисми. У 30 йиллик изланишлари давомида болаларда ёлғон гапириш қандай содир бўлишини чуқур ўрганди ва бу натижада бола гувоҳларига оид қонунчиликнинг ўзгаришидан тортиб, болаларнинг хулқ-атворига оид диагностика усулларининг янгиланишигача бир қатор янгиликларга олиб келди.
Канг Ли, ўзининг тадқиқотида, болаларнинг жуда ёшдан ёлғон гапира олишини аниқлади. Масалан, у ва унинг жамоаси болаларни бир карта ўйини орқали синовдан ўтказишди ва натижада 2 ёшли болаларнинг 30 фоизи, 3 ёшли болаларнинг 50 фоизи, 4 ёшли болаларнинг эса 80 фоиздан кўпроғи ёлғон гапиргани кузатилди. Бу тажриба шуни кўрсатдики, эрта ёшдаги ёлғон – боланинг ривожланаётган когнитив қобилиятининг белгисидир.
Профессор Ли яна бир муҳим кашфиётни амалга оширди: болалар ёлғон гапириш нотўғри эканини билсалар ҳам, бу уларнинг ёлғон гапиришдан тийилишига таъсир қилмас экан. Бу кашфиёт Канададаги қонунчиликни қайта кўриб чиқишга ундади. 2006 йилда болалардан гувоҳлик беришдан аввал ёлғон гапириш ахлоқан нотўғри эканини билишларини текшириш талаби бекор қилиниб, унинг ўрнига тўғрисини айтишга ваъда бериш кифоя эканлиги белгиланди.
Профессор Ли болалар билан боғлиқ хулқ-атвор муаммоларини ўрганишда ҳам янги қарашлар билан чиқди. Уларнинг асосий муаммоси ахлоқий тушунчаларда эмас, балки ҳиссий назоратда эканини аниқлади. Шу сабабли, у болаларга салбий хатти-ҳаракатларни чеклашга ёрдам берувчи кўникмалар ўргатишни таклиф қилади.
Кейинги изланишларида профессор Ли «трансдермал оптик тасвирлаш» номли ёлғон детектори технологиясини ихтиро қилди. Бу технология инсон юзидаги қон айланиш ўзгаришларини кузатиб, соғлиқ ҳолатлари ҳақида маълумот беради. Бу ҳозирда «ДеэпАффех» деб номланган сунъий интеллект тизимининг асоси бўлиб, тахминан 20 миллион фойдаланувчи бу технологиядан юрак уриши, қон босими ва бошқа соғлиқ кўрсаткичларини кузатиш учун фойдаланмоқда.
Канг Ли ҳозирда мазкур технологияни руҳий саломатликни ўлчаш имкониятларини кенгайтириш устида ишламоқда.