Фуқаролик кодексининг 703-моддасига биноан ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш (муайян ҳаракатларни қилиш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш), буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.
Қоиданинг мазмунига кўра талаба буюртмачи сифатида университет билан таълим бериш тўғрисида шартнома тузган ҳисобланади.
Мазкур кодекс 707-моддасида буюртмачи хизматларнинг белгиланган баҳосини батамом тўлаш шарти билан ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли эканлиги келтирилган.
Ушбу кодекс 705-моддасига мувофиқ ижрочи ўзи айбдор бўлмагани ҳолда хизматни бажара олмаган тақдирда буюртмачи ижрочига унинг харажатларини тўлаши шарт, бунда ижрочининг хизмат (хизматлар) кўрсатишдан озод қилиниши муносабати билан олган ёки олиши мумкин бўлган фойдаси чегириб қолинади.
Айнан ушбу норманинг мазмуни университетга ўзлари қилган харажатларни ушлаб қолиб, қолган суммани қайтариши мумкинлигидан далолат беради.
Шунга кўра бу вазиятда талаба университетдан пулнинг ҳаммасини эмас, уларнинг қилган харажатлари чегириб ташланган қисмини олиши мумкин.
Улар бунга кўнмаса, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига мурожаат қилиш лозим.
Қўшимча маълумот сифатида мазкур қўмитанинг ишонч рақамларини тақдим этамиз.
1. Жисмоний ва юридик шаҳслар мурожаатлари бўйича ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ: 1159;
2. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ЯГОНА РАҚАМ: 71-207-46-00.
Шунингдек, талабгор бу масалада фуқаролик судига контракт пулини қайтариш ва кўрилган зарарни ундиришни талаб қилиш бўйича даъво аризаси билан мурожаат қилиши мумкин.