Ижтимоий тармоқларда Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-978-сон, 21.10.2024 й.) билан айрим қонун ҳужжатларга ўзгартиришлар ва қўшимча киритилгани «Энди, боғча тарбиячилари ва мактабдаги устозлар 2 марталаб эҳтиёт бўлишлари керак» каби сарлавҳалар билан берилмоқда.
Аслида қандай ўзгартириш киритилди?
Президент томонидан имзоланган Қонун билан қонун ҳужжатларга қандай ўзгартиришлар ва қўшимча киритилганлигига аниқлик киритиш мақсадида Адлия вазирлиги мутахассислари билан боғландик.
Вазирлик ходими аниқлик киритишича, ушбу ўзгаришларини ижтимоий тармоқларда ўқитувчиларга боғлаб тарқатиш нотўғри чунки, Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига болаларга нисбатан оилавий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Жумладан, Жиноят кодексининг оилавий (маиший) зўравонлик тўғрисидаги 126-1-моддаси болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик билан тўлдирилмоқда.
Муҳим! Амалдаги нормада эр-хотин ёки оилада бирга яшовчи бошқа шахсларга нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлсада, бу ҳаракатларни болага нисбатан содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган эди.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 583-моддаси «Оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киришидан олдин берилиши мумкин» мазмунидаги иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Сенат очиқлаган маълумотларига кўра, охирги 3 йилда 2 мингдан ортиқ фуқаро судлар томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Улардан 86 фоизи ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортгани учун жавобгарликка тортилган.
Янги қонун оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишига, тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахснинг хулқига кўрсатиладиган ижобий таъсирнинг кучи янада ортишига, болалар ва хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашининг олдини олиш чораларининг самарадорлигини ошириш ҳамда оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни, шунингдек, хотин-қизлар ҳуқуқларига оид халқаро индексларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади.