Техникумларда “БТEC” дастури жорий қилиниши қандай самара беради?

Техникумларда халқаро таълим дастури бўлган Англиянинг  “BTEC” тизими йўлга қўйилиши ҳақида хабар берган эдик.

 

Дастлаб, тажриба тариқасида, 14 та техникумда Англиянинг  “BTEC” дастури жорий этилади. Битирувчиларга 70 та давлатда тан олинадиган диплом берилади ҳамда 200 дан ортиқ хорижий университетларга кириш имкони яратилади.

 

Хўш, техникумларда  “BTEC” дастури жорий қилиниши қандай самара беради?

 

Пирсон етакчи халқаро таълим ташкилоти бўлиб, дунё бўйлаб 784 та марказга эга ва унинг 90 фоиз битирувчиси иш билан таъминланади. Техникумларда ўқиш муддатлари ва давомийлиги касб мураккаблиги ва ўқувчининг таълим даражасига қараб белгиланади. Масалан, “Экспедитор” касби бўйича 9-синф битирувчиси 3 йил ўқиса, 11-синф битирувчиси – 2 йил ўқийди.

 

Ўз навбатида турли даражадаги касбий таълим дастурларининг ўзаро мувофиқлиги ва узвийлиги таъминланади, яъни ўзлаштирилган модуллардан келиб чиқиб таълим дастурларининг ўқитиш муддатлари белгиланади. Ўрта махсус касбий таълим дастурларининг битирувчилари ўзлаштирган модуллари, тўпланган кредитлари ва олий таълим ташкилоти томонидан белгиланган баллар ўртача қийматидан (GPA) келиб чиқиб, бакалавриатнинг муайян босқичидан ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади.

 

Техникумларнинг мустақиллиги кенгайтирилади ва улар иш берувчилар талаби асосида фанлар сони ва соатларини 30 фоизгача ўзгартириш ва қўшма дастурларни жорий қилиш имкониятига эга бўлади. Техникумлар буюртмачилар билан контракт асосида кадрларни тайёрлаш бўйича шартномалар тузиш, ушбу дастурларнинг қабул параметрлари, таълим тили ва қийматини мустақил белгилайди. Шунингдек, техникумларга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотиш, тушган пуллар ҳисобидан ўзининг моддий ҳолатини яхшилаш, ўқувчилар ва педагогларни рағбатлантириш ҳуқуқи берилмоқда.

 

Халқаро таълим дастурлари бўйича ўқитишни йўлга қўйиш бўйича қатор ишлар амалга оширилади. Хусусан, дастурлар сифати ва жозибадорлигини ошириш мақсадида 14 та техникумда тажриба тариқасида 12 та квалификация бўйича Пирсон компаниясининг  “BTEC” дастури жорий қилинади.

 

Ҳар битта техникумда  “BTEC” дастури бўйича алоҳида бўлим ташкил этилади. Бўлим ходимлари Пирсон компанияси билан ҳамкорликда дастур жорий қилинишини тўлиқ мувофиқлаштириб боради.  “BTEC” дастури жорий қилинган муассасаларга тўлиқ академик мустақиллик берилади.

 

“BTEC” дастурларини амалиётга киритиш натижасида 180 нафар педагогнинг малакаси оширилади ва йилига 1 минг 680 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинади. Битирувчиларга 70 та давлатда тан олинадиган диплом берилади ва 200 дан ортиқ хорижий университетга кириш имкони яратилади.

 

Натижада, ривожланган давлатлардаги малакали ва юқори даромадли иш ўринларига юборилган муҳожирларнинг кўлами ошади.  “BTEC” дастурларини жорий қилиш натижасидан келиб чиқиб, ушбу тажриба босқичма-босқич бошқа техникумларга ҳам татбиқ этилади.

 

Ўқитиш жараёнига иш берувчилар кенг жалб қилинади. Ҳозиргача қабул параметрлари ва таълим дастурлари иш берувчилар талаби асосида эмас, балки таълим муассасаларидаги ўқитувчилар ва мавжуд асбоб-ускуналардан келиб чиқиб шакллантирилиб келинаётгани боис муайян ҳудудларда муайян ўрта бўғин кадрларга эҳтиёж бўлсада, ўша ҳудудда жойлашган техникумда ушбу соҳада мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилмаганини кузатиш мумкин.

 

Бу ҳолатни бартараф этиш мақсадида қабул параметрларини шакллантириш бўйича электрон платформа яратилади, барча вазирлик ва иш берувчилар унга уланади. Техникумларнинг таълим дастурлари тармоқ кенгашлари, тадбиркорлар бирлашмалари, йирик иш берувчилар ва уюшмалар билан келишилганидан сўнг амалиётга киритилади.

 

Битирувчиларнинг якуний аттестацияси иш берувчилар ва уюшмалар вакиллари иштирокида амалий имтиҳон шаклида ўтказилади. Профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар билимини якуний баҳолаш асосан муассасадаги ходимлардан ташкил топган комиссия томонидан ўтказилишига барҳам берилади.

 

Техникумларни адабиётлар ва жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда ўқув жараёнини рақамлаштириш мақсадида алоҳида Жамғарма ташкил этилмоқда. Бунда Жамғармага Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасидан 50 миллиард сўм ва Давлат бюджетидан 2025 йилда 50 миллиард сўм ажратилади.

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры