Моддий ёрдам олиш учун ходим шу ташкилотда меҳнат шартномаси асосида ишлаши ва моддий ёрдам олиш учун асос бўладиган ҳолатлар содир бўлиши лозим.
Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 02.08.2022 йилдаги 425-сон қарорига кўра умумтаълим муассасалари ходимларига моддий ёрдам календарь йил давомида икки лавозим маоши (ўқитувчининг тариф ставкаси) миқдоригача:
–ходимнинг ўзи ва яқин қариндоши (отаси, онаси, турмуш ўртоғи, фарзанди) вафот этганда;
–ёки оғир касалликка чалинганда;
–ходим табиий офатдан зарар кўрганда кўрсатилади.
Қоиданинг мазмунига кўра ходим мактабда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган даврда юқоридаги ҳолатлар содир бўлса, директор жамғармасида маблағ етарли бўлган тақдирда ходим 2 лавозим маоши миқдорида моддий ёрдам олишга ҳақли.
Мана шу қоидага кўра ходим 1 календар йилида жами 2 лавозим маошигача моддий ёрдам олиши мумкин.
Бунда ходимга моддий ёрдам бериш бўйича ишчи гуруҳ қарори асосида директор буйруқ чиқаради.
Оғир касаллик – ўлим хавфи юқори бўлган ва инсоннинг кундалик фаолиятига ёки ҳаёт сифатига салбий таъсир кўрсатадиган ёки уларга ғамхўрлик қилувчиларга ҳаддан ташқари қийинчилик келиб чиқарадиган, баъзан ногиронликка олиб келувчи соғлиқ ҳолати ҳисобланади.
Шунга кўра бу ҳолатда тиббий хулосада касаллик оғир эканлиги ёзилган бўлса, унда мактаб директорида ҳам моддий ёрдам олиш ҳуқуқи мавжуд бўлади.