1. Менежерлик сертификати қандай аҳамиятга эга?
Менежерлик сертификати — давлат мактаби директори лавозимида ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат. Вазирлар Маҳкамасининг (25.12.2023 йилдаги 681-сон) қарори билан, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари томонидан менежерлик сертификатига эга бўлган номзодлар орасидан мактаб директори лавозимига номзодлар захираси шакллантирилади.
2. Менежерлик сертификатининг муддати қанча?
Мактабларда фаолият юритаётган директорлар ҳар 5 йилда бир маротаба ушбу юқоридаги қарор талабларига мувофиқ менежерлик сертификатини олиши талаб этилади.
3. Менежерлик сертификатига эга мутахассисларга устама борми?
2024 йил 1 cентябрдан бошлаб менежерлик сертификатига эга бўлган қуйидаги раҳбар ходимларга ушбу сертификатнинг амал қилиш муддати давомида лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча устамалар тўланади:
– мактаб директорларига — 50 фоиз;
– мактаб директори ўринбосарларига — 30 фоиз.
4. Сертификат олиш учун ўқув курсининг давомийлиги қанча?
Ўқув курсларининг давомийлиги 144 соатни ташкил қилиб, бир ой давомида ўқитилади. Курсдаги аудитория машғулотларининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.
Ўқув машғулотлари назарий, амалий ва мактаб амалиётидан иборат бўлади. Назарий ва амалий машғулотлар Институтда, мактаб амалиёти эса мактаб ҳамда таълим бошқарувини амалга оширадиган ташкилотларда ўтказилади.
5. Номзод қандай ҳолатларда ўқув курсидан четлаштирилади?
Номзод қуйидаги ҳолатларда ўқув курсидан четлаштирилади:
– ўқув интизомини ва ички тартиб-қоидаларни бузганлиги учун;
– ўқув курсидаги дарс машғулотларини узрли (касаллиги, давлат ёки жамоат вазифаларини бажарганлиги, яқин қариндошининг вафоти) сабабларсиз 18 соат ва ундан ортиқ қолдиргани учун;
– саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
– номзодга нисбатан суд ҳукми асосида;
– вафот этганлиги сабабли.
Эслатма! Ўқув курсларини муваффақиятли тугатган номзодлар сертификат бериш бўйича якуний синовларга қўйилади.
6. Ўқиш давомида директор ёки мутахассисларнинг иш ҳақи ва лавозими сақланадими?
Директорларнинг ўқиш даврида уларнинг асосий иш жойи бўйича лавозими ва амалдаги ўртача иш ҳақи миқдорлари сақлаб қолинади.
Ишдан ажралган ҳолда ўқув курсларда иштирок этиш учун юборилган директорлар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда хизмат сафари билан боғлиқ харажатлар уларнинг асосий иш жойидан қопланади.
Шунингдек, директорлар биринчи марта менежерлик сертификатини олгандан сўнг, кейинги менежерлик ўқув курсларида ўқиш ва менежерлик сертификатини олишда номзод сифатида иштирок этади.
7. Ўқиш тугагач, якуний имтиҳондан ўтиш тартиби қандай?
Номзодлар учун якуний синовларни ўтказиш жадвалларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, синовларни ўтказиш, уларнинг натижаларини эълон қилиш Марказ томонидан амалга оширилади. Якуний синовларни ўтказиш санаси синовлар ўтказиладиган кундан камида етти кун олдин эълон қилинади. Марказ якуний синов ўтказиладиган сана ва жой тўғрисидаги маълумотни махсус портал орқали номзоднинг шахсий кабинетига юборади.
Якуний синовлар уларнинг бевосита иштирокида махсус жиҳозланган хоналарда қоғоз ёки электрон шаклда ўтказилиши мумкин. Имтиҳон 25 та тест, кейс ҳамда амалий топшириқлардан иборат бўлади. Уларни бажариш учун жами 80 дақиқа вақт берилади.
Тест синовлари учун 50 балл, кейс топшириқлари учун 10 балл ва амалий топшириқлар учун 40 балл (жами 100 балл) берилади.70 балл ва ундан юқори натижа кўрсатган номзодлар якуний синовни муваффақиятли топширган ҳисобланади ва уларга сертификат берилади. Бунда номзодлар ҳар бир йўналиш бўйича камида 50 фоиз балл йиғиши талаб этилади.
8. Айрим сабаблар билан имтиҳонга қатнаша олмайдиганларга қўшимча имконият бериладими?
Агар номзод турли сабабларга кўра якуний синовда иштирок эта олмайдиган бўлса, Марказга якуний синов ўтказиладиган кундан камида уч кун олдин ёзма ёки электрон шаклда мурожаат этиши лозим.
Узрли сабабга кўра (касаллиги ёки оила аъзоларининг вафот этганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этганда) якуний синовларда қатнаша олмаган номзод якуний синов бошланган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни Марказга бевосита ёки электрон шаклда тақдим этиши лозим. Бунда номзоднинг навбатдаги якуний синовга киритилиши таъминланади.