Жорий йилги ОТМларга қабул имтиҳонларида ҳуқуқшунослик фанларига оид тестларнинг дарсликларда мавжуд бўлмаган маълумотлардан, хусусан, Кодекс ва қонунлардан тузилган саволлар борлигидан абитуриентлар норозилик билдирган эди.
Жумладан, давлат рамзлари тўғрисидаги қонунлар (байроқ қачон кўтарилиши, мадҳия соат нечида айтилиши ва ҳк), давлат бюджети тўғрисидаги қонун ва Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда қайсидир қилмишга қанақа жазо назарда тутилган деган саволлар ҳам тушганлиги кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.
Шунингдек, адвокат Муҳриддин Шамсиддиновнинг маълум қилишича, юқоридаги ҳолатдан норози бўлган абитуриентлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигини судга берган эди.
Билимни баҳолаш агентлиги 2025–2026 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига қабул қилишда қўлланадиган тест топшириқлари шакллантириладиган ўқув дастурлари эълон қилди.
Ушбу ўқув дастурларида, хусусан, ҳуқуқшунослик фанидан эълон қилинган қонунчилик ҳужжатлари рўйхатига алоҳида қилиб бир қатор қонун, кодекс ва процессуал кодекслар киритилган.