Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан вазирлик ва идоралар, давлат муассасалари ва ташкилотлар ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолатлари юзасидан ўрганишлар ўтказилган.
Маълумотларга кўра, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Тоғ-кон саноати ва геология, Олий таълим, фан ва инновациялар, Энергетика вазирликлари ва уларнинг тизим ташкилотлари ўрганилганда 160 нафар бошқарув ходими 170 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётгани аниқланган.
Жумладан:
– Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 22 нафар ходими 23 та;
– Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 72 нафар ходими 79 та;
– Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг 59 нафар ходими 60 та;
– Энергетика вазирлигининг 7 нафар ходими 8 та тадбиркорлик субъектида таъсисчи сифатида рўйхатдан ўтганлиги маълум бўлди.
Ўз навбатида, вазирликлар томонидан тақдимномалар танқидий муҳокама қилинган ҳолда тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик қилаётган ходимларга нисбатан огоҳлантириш хатлари берилиб, қайд этилган қонунбузилиши ҳолатлари ҳозирда бартараф этилгани ҳақида агентлик маълум қилди.
Маълумот учун, давлат фуқаролик хизматчиларига «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган.