2024 йил 20-октябр куни ижтимоий тармоқларда ўқувчи қизлар ўқитувчисини калтаклагани тасвирланган видео тарқалди. Мазкур ҳодиса Сирдарё вилоятидаги 2-сонли мактабда содир бўлган. Ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий баёнот берди.
Видеоёзувда икки ўқувчи қизнинг ўқитувчига ҳужум қилиб, уни сочидан тортиб ураётгани тасвирланган. Ён атрофда бўлган ўқитувчилар ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилганлари акс этган. Маълумотларга кўра, можаро 7-октябр куни юзага келган.
Баёнотда келтирилишича, мактабда қизлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида йиғилиш ўтказилган. Ҳозирча тортишув сабаблари ҳақида маълумот берилмаган.
«Ҳолат Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ва соҳа масъуллари назоратга олинади. Ўрганишлар якунида ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар берилади» — дейилади баёнотда.