Ўтган 2 йил давомида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 2 та ОТМга лицензия берилган, 7 тасининг лицензияси бекор қилинган. Бу ҳақида вазирлик матбуот котиби Назокат Абдуқундузова иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Қайд этилишича, 2024 йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларидан нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш бўйича лицензия олиш учун «Лицензия» ахборот тизимига орқали жами 412 та аризалар келиб тушган.
Аризаларнинг 153 таси профессионал таълим, 241 таси олий таълим ҳамда 18 та олий таълимдан кейинги таълим хизматларига тўғри келади.
Ушбу аризаларнинг жами 55 таси ижобий баҳоланиб, белгиланган тартибда лицензия расмийлаштирилган.
Жумладан, 20 та нодавлат олий таълим ташкилотининг мавжуд лицензиясига ўзгартириш киритилган бўлса, 26 та нодавлат профессионал таълим ташкилоти, 2 та нодавлат олий таълим ташкилоти ҳамда 8 та нодавлат олий таълимдан кейинги таълим хизматлари учун лицензиялар расмийлаштирилган.
Шунингдек, вазирлик матбуот котиби брифинг давомида нодавлат таълим ташкилотларида ўтказилаётган ўрганишларга ҳам тўхталиб ўтди.
Таъкидланишича, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 2023 йилда жами 69 та, 2024 йилда 26 та нодавлат олий таълим ташкилотлари фаолияти ўрганилган.
Ўрганилган нодавлат олий таълим ташкилотларида аниқланган камчиликлар ва қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича 1 ой муддат берилган.
Берилган муддатларда камчиликни бартараф этмаган нодавлат олий таълим ташкилотларининг лицензиясини бекор қилиш бўйича тегишли Судларга даъво аризалари киритилди.
Жумладан, ўрганиш натижаларига асосан 2023 йилда 6 та, 2024 йилда 5 та нодавлат олий таълим ташкилотларини лицензиясини бекор қилиш бўйича тегишли Судларга даъво аризалари киритилган.
Суд жараёнларида 2023 йилда жами 6 та олийгоҳнинг, 2024 йилда эса 1 та олийгоҳнинг лицензияси бекор қилинган. 4 та ҳолатда тегишли Судлар томонидан вазирлик киритган даво аризаларни қаноатлантирмасдан қолдирган.
2023 йилда лицензияси суд тартибида бекор қилинган нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олган 8 мингга яқин талабаларнинг ўқиши бошқа нодавлат олий таълим ташкилотларининг мос ва турдош таълим йўналишларига вазирлик томонидан кўчириб ўтказилган.
«Лицензияси бекор қилинган нодавлат олий таълим ташкилотларининг барча талабалари аризаларига кўра бошқа олийгоҳларга ўқиши кўчирилган, бирорта талабанинг муаммоси ечимсиз қолмаган», – дейди вазирлик матбуот котиби.