Маълумки, педагоглар аттестациясида иштирок этиш учун тўловни амалга ошириш муддати жорий йилнинг 10 октябрига қадар узайтирилган эди.
Аммо айрим сабабларга кўра кечроқ ариза топширган педагогларнинг ҳужжатларини таҳрирлаш имконияти йўқ эди. Чунки ҳужжатларни қабул қилиш 1 октябрда тўхтатилган.
xalqtaliminfo.uz сайтига Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Педагог кадрлар малака тоифаларини бериш жараёнини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Сардор Раҳимбоевнинг маълум қилишича, тўловларни амалга оширган, аммо ҳужжатларни таҳрирлашга улгурмаган педагогларга қўшимча муддат белгилаш бўйича таклиф киритилган.
Бугун рад қилинган мурожаатларни таҳрирлаб қайта юборишга охирги маротаба рухсат берилади.
Бу педагоглар учун охирги имконият бўлиб, шу сабабли педагоглар ўзлари тўғрисидаги маълумотларга бефарқ бўлмаслиги лозим. Чунки, яна хато маълумотлар киритилса, таҳрирлаш учун бошқа имконият берилмайди.