Ўрта махсус маълумотли педагогларни қайта тайёрлаган нодавлат таълим ташкилотлари берган дипломлар тан олинмаётгани айтилди

 

Nazorat.uz оммавий ахборот воситаси вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси,  Хоразм ва Бухоро вилоятларидан келган нодавлат таълим ташкилотлари раҳбарлари билан биргаликда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига мурожаат қилиб боришган.

 

 

Вазирликка ташриф келган нодавлат таълим ташкилотлари вакиллари сўзларига кўра, улар амалдаги қонунчиликка амал қилган ҳолда малака ошириш ва қайта тайёрлаш фаолиятини кўрсатиш бўйича ўрнатилган тартибда рухсат олиб фаолият кўрсатиб келишган. Бироқ сўнгги ойларда уларнинг муассасаларида мактабгача таълим ташкилоти тарбияси ва мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси ёрдамчиси сифатида қайта тайёрловдан ўтиб диплом олган битирувчиларнинг дипломлари тан олинмасдан бир қатор муаммолар кузатилмоқда.

 

 

 

«Бухоро вилояти Ғиждувон туманида ўз фаолиятимизни бошлаганмиз. Ўрта-махсус билимга эга, 3 йиллик коллежни битирган, бизга келиб 6-9 ой давомида қайта тайёрлов курсларидан ўтиб, мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси деган мутахассисликда ўқиб диплом оляпти. Бизда 2 йил давомида ишлаб ойлигини олиб турган мутахассислар, 2024 йил июнь ойидан бошлаб ойлик олиши тўхтатилди. Ҳозиргача 350 та кадрни ўқитганмиз уларни 250 тасида шу муаммо кузатиляпти. Шулар ойлик ола олмаяпти, буни натижасида оилада бир қанча можаролар келиб чиқяпти. Меҳнат шартномаси бузиляпти» – дейди «G`IJDUVON BUSINESS PLACE» директори.

 

 

 

 

Нодавлат таълим ташкилотлари раҳбарлари ушбу масала юзасидан аввалроқ Nazorat.uz ижодкорлари билан бирга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳам бориб мурожаат қилишганда, вазирликнинг Юридик бошқарма бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Охунжон Иброҳимов, ушбу муассасаларнинг дипломлари тан олиниши учун улар аввало аттестациядан ўтиши ва давлат аккредитациясига эга бўлиши лозимлигини айтиб ўтган. Вазирлик ходими бунга асос сифатида “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг 31-моддасини асос сифатида ўқиб берган.

 

 

 

 

Бироқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги масъул ходимлари эса ушбу ташкилотлар ташкил қилинганига ҳали 4 йил муддат бўлмагани сабабли давлат аттестацияси ва аккредитациядан ўтиши шарт эмаслигини маълум қилишган.

 

 

Ҳозирги пайтда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 февралдаги 91-сон қарори билан Мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини аттестациядан ҳамда давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тасдиқланган.

 

 

Бироқ ўрта махсус, профессионал, олий таълимни ва олий таълимдан кейинги таълимни амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари, битирувчиларга давлат томонидан тасдиқланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжатларни берувчи, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини давлат аттестацияси ва аккредитациядан ўтказишнинг янги тартиби тасдиқланмаган.

 

 

Маълум бўлишича, таълим ташкилотлари Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 470-сон қарори билан тасдиқланган тартибга асосан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (2022 йилда фаолияти тугатилган) томонидан аттестация ва аккредитациядан ўтказиб келинган. Инспекция тугатилгач, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 июлдаги ПҚ-200-сон қарорининг 3-бандига асосан таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби бекор қилиниб, комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш тизими жорий этилади. Бунда комплекс давлат аккредитацияси ҳар 4 йилда таълим ташкилотларини ташқи баҳолаш натижалари асосида ўтказилиши йўлга қўйилиши лозим эди.

 

 

Ушбу қарорга 6-илова сифатида тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 6-бандига кўра, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар ўрта махсус, профессионал, олий ва олий таълимдан кейинги таълимни, шунингдек, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси 2023 йил октябрига қадар тайёрлаши белгиланган.

 

“Nazorat.uz” вакиллари ва тадбиркорлар билан 2024 йилнинг сентябрь ойида мулоқот қилган Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг маъсул ходими нодавлат таълим ташкилотларини комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори жорий ой якунида қабул қилиниши кутилаётгани ҳамда аккредитациядан ўтиш учун мурожаат қилиш мумкин бўлишини маълум қилган.

 

 

Бироқ ушбу мақолани 2024 йилнинг 12 октябрь куни тайёрлаш жараёнимизда Ўзбекистон Республикаси миллий Қонунчилик базасидан (lex.uz) ушбу қарорни топа олмадик.

 

 

Бундан ташқари, яна бир ҳолатда икки вазирликнинг яна бир масала бўйича жавоблари бир биридан фарқ қилади. Яъни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходимлари ўрта махсус маълумотли педагоглар учун қайта тайёрлов йўқлигини, қайта тайёрлов фақат олий маълумотли мутахассисларга мумкинлигини маълум қилган бўлса, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги масъуллари амалдаги тартиб бўйича ўрта махсус педагоглар учун қайта тайёрлов мавжудлигини айтиб ўтишган.

 

 

 

Қуйидаги саволларга аниқ жавоб топиш нодавлат таълим ташкилотлари, қайта тайёрловдан ўтган ёки ўтмоқчи бўлган ва бошқалар учун қуйидаги саволларга ваколатли вазирлик ва идоралар аниқ жавоб беришса мақсад мувофиқ бўларди:

 

1. Бошқа соҳалар бўйича ўрта махсус маълумотли мутахассислар мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи бўлиб ишлаши учун давлат ёки нодавлат таълим ташкилотларида қайта тайёрловдан ўтиши мумкинми?

 

2. Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни амалга оширувчи нодавлат таълим ташкилотлари давлат аккредитациядан ўтказиладими? Аниқ тартиб мавжудми?

 

3. Ҳозиргача кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни амалга оширувчи нодавлат таълим ташкилотларида мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси ва тарбиячи ёрдамчиси сифатида қайта тайёрловдан ўтиб ишлаб келган ва 2024 йил ёзидан бошлаб ишдан бўшатилаётган фуқароларимиз дипломлари тан олинадими? Улар ўзи ушбу мутахассислик бўйича ишлашлари мумкинми?

 

4. Видеода нодавлат таълим ташкилотлари раҳбарлари 11-синфни тугатган фуқароларга ҳам мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси ва тарбиячи ёрдамчиси сифатида қайта тайёрловдан ўтказиб диплом беришганини маълум қилишди. Улар 1997 йилдан аввал мактабни тамомлаб номутахассис сифатида боғчалардан ишлаб келишганини айтиб ўтишди. Улар ишлаши мумкинми? Бундан кейин ҳам 11-синфни тамомлаган ушбу мутахассисликлар бўйича қайта тайёрловдан ўтишлари мумкинми?

 

5. Видеода республикамиз миқёсида бугунги кунда 1500 дан ортиқ кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни амалга оширувчи нодавлат таълим ташкилотлари мавжудлиги айтиб ўтилди. Уларга нечта кишига, қанча вақт, қандай кўринишда ўқитиш ва қачон диплом бергани ҳақида бирон ташкилотда маълумот борми? Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ходимлари ушбу маълумотлар уларда йўқлиги сабабли шикоят қилиб келган ташкилотлардан тақдим этишни сўрашди.

 

Юқорида кўрсатиб ўтилган ва мавзуга алоқадор саволларга аниқ жавоб бериш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида барча жиҳатларни инобатга олиш фуқароларимизни турли сарсонгарчиликлардан халос этади. Ta’limxabarlari.uz сайти вазирлик ва идоралар томонидан ушбу саволларга жавоб қайтарилса, уларни эълон қилишга тайёрлигини маълум қилади.

 

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры