Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган 100-сонли умумтаълим мактабида билимли ва иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Директор стипендияси» жорий этилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Ушбу стипендия 2024-2025 ўқув йилида таълим олаётган 1-11-синф ўқувчилари учун амал қилади.
«Дастлабки стипендия соҳиблари сифатида 2-«А» синф ўқувчиси Азизахон Тожибаева ҳамда 9-«Б» синф ўқувчиси Асалия Эргашева танлаб олинди. Мактаб маъмурияти томонидан уларга сертификатлар тантанали равишда топширилди. Ушбу ташаббус ёшларнинг қобилиятларини ривожлантириш ва уларни рағбатлантиришга қаратилган. Эътиборлиси, иқтидорли ва билимли ўқувчиларга мактаб директори Шуҳрат Рўзиев ўз маоши ҳисобидан ҳар бирига 500 000 сўмдан стипендия ажратмоқда» — дейилган хабарда.