Қўшма таълим дастурлари — Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ кадрлар тайёрлашни ва битирувчиларига олий маълумот олганлиги тўғрисидаги барча хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари жойлашган давлатларда тан олинадиган квалификация (диплом) берилишини назарда тутувчи таълим дастури.
Қўшма таълим дастури қайси ОТМларда тадбиқ этилиши мумкин?
Ушбу дастур хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари билан тузилган шартномага мувофиқ Ўзбекистон Республикасида қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлайдиган давлат олий таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилади.Аммо, қўшма таълим дастурлари жорий этилмаган олий таълим ташкилотлари, нодавлат ва ҳарбий олий таълим ташкилотлари, Ўзбекистон Республикасидаги хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Қўшма таълим дастурида ўқишни кўчириш тартиби қандай?
Қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган талабалар ўқишини улар таълим олаётган олий таълим ташкилотининг бошқа таълим йўналишлари (мутахассисликлари) ёки бошқа Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим ташкилотига кўчиришга рухсат этилмайди.
Қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган талабалар ўқишини улар таълим олаётган олий таълим ташкилотининг ёки бошқа Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотининг қўшма таълим дастурларига кўчириши мумкин.
Шунингдек, бу дастур асосида таҳсил олаётганлар нодавлат ОТМларга ҳам ўқишни кўчиришлари мумкин.