Фан олимпиадалари маркази ташкил этилиши бўйича Президент қарори қабул қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

 

Унга кўра, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Фан олимпиадалари маркази ташкил этилади.

 

Марказнинг асосий фаолият йўналишларидан бири қобилиятли ҳамда фанларни чуқур ўрганишга қизиқадиган ёшларни аниқлаш ва селекция қилиш, улардаги иқтидорни янада ривожлантириш учун зарур шароитларни яратишдан иборат.

 

2025 йилдан Марказ томонидан:

 

– 5–8-синф ўқувчилари ўртасида олимпиадаларда юқори натижаларни қайд этган иқтидорли ўқувчилар базаси шакллантирилади ва уларни халқаро олимпиадаларга мақсадли тайёрлаш йўлга қўйилади;

 

– ҳар бир фан йўналиши бўйича ўқув дастурлари, адабиётлар, методик тавсиялар, қўлланмалар ва журналлар яратилиб борилади;

 

– ўқувчиларни фан олимпиадаларига тайёрловчи тренер-ўқитувчиларнинг узлуксиз касбий ривожланиши учун зарур шароитлар яратилади, уларга янги методикалар ўргатиб борилади;

 

– фан олимпиадалари бўйича миллий терма жамоаларнинг хорижий давлатлар терма жамоалари билан қўшма йиғинлар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади;

 

– ўқувчилар учун халқаро олимпиадаларда руҳий босимни енгиш бўйича семинарлар ҳамда мотивацион тренинглар ташкил қилинади;

 

– иқтидорли ёшлар учун «интеллектуал оромгоҳлар» ташкил этилади.

 

2025 йил 1 январдан бошлаб:

 

– нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этадиган терма жамоалар раҳбарини жамоанинг натижасига қараб рағбатлантириш тартиби жорий этилади;

 

– терма жамоалар раҳбари нуфузли халқаро олимпиадаларда эришилган ҳар бир олтин, кумуш, бронза медаллари учун тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг 35, 25, 15 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади;

 

– асосий олимпиадаларнинг ҳудудий ва республика босқичларида ҳамда халқаро олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар, уларнинг ўқитувчилари ва терма жамоа раҳбарларига тўланадиган пул мукофотлари ва бериладиган совғалар даромад солиғидан озод этилади;

 

– халқаро олимпиадаларда қатнашиш учун жалб этиладиган номзодлар ўқув йиғинлари даврида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул озиқ-овқат ва ётоқхона билан таъминланади.

 

 

2025 йил 1 майга қадар:

 

– асосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолибларига медаль бериш тизими жорий этилади.

 

 

Шунингдек, ушбу қарорга мувофиқ:

 

– миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик ҳиссини шакллантириш, маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш йўналишида — Буюк Шарқ Ренессанси халқаро олимпиадаси;

 

– математика ва информатика йўналишида — Ал Хоразмий номидаги ёшлар туркий олимпиадаси;

 

– кимё йўналишида — Абу Райҳон Беруний номидаги Халқаро кимё олимпиадаси;

 

– физика йўналишида — Аҳмад ал-Фарғоний номидаги Халқаро физика олимпиадаси;

 

– биология йўналишида — Абу Али Ибн Сино номидаги Халқаро биология олимпиадаси ўтказиб борилиши белгиланди.

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры