Тошкентдаги 62-мактаб ўқитувчиси болаларнинг кўз ўнгида мушукни деразадан улоқтирган, натижада мушук нобуд бўлган. Суд қарори билан ўқитувчи 375 минг сўмга жаримага тортилди.
Ekolog.uz сайтининг маълум қилишича, Учтепа туманидаги 62-сонли умумтаълим мактабида жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 17:30 лар атрофида 7-«Г» синф ўқувчилари она тили дарсига ўзбошимчалик билан мушук олиб кирган. Ўқитувчи Д. Х. ўқувчиларни дарс машғулотлари пайтида чалғимасликлари учун мушукни деразадан ташлаб юборган. Мушук ветеринар шифокор кўригидан ўтказилганда жиддий жароҳат етмаганлиги аниқлаган.
Воқеадан сўнг, мактаб маъмурияти томонидан йиғилиш ўтказилиб, ўқитувчи ҳамда ўқувчиларга атроф-муҳит, табиат ва жониворларни асраб-авайлаш барчанинг бурчи эканлиги тушунтирилган.
Аммо бошқарма бироз нотўғри хабар берган мактаб биносининг 2-қаватидан ўзбек тили ўқитувчиси 7 «Г» синфда дарс ўтиш жараёнида ташлаб юборилган мушукча жиддий жароҳатланиши, умуртқасига шикаст етиши натижасида вафот этган. «Элвет» ветеринар клиникаси ветеринар ҳам «жиддий жароҳат йўқ» деган хулоса бермаган.
«Тошкент шаҳри 62-мактаб ўқитувчиси Д. Х нинг ҳайвонларга нисбатан ваҳшиёна муносабати жазосиз қолиши мумкин эмас. Уни педагогик фаолиятдан четлатиш зарур. Мактаб директорининг ҳам мазкур ҳолатга нисбатан бефарқлиги, бундай ўқитувчини яна дарсга қўйишга ижозати тушунарсиз ҳолат.
Ҳолатга Тошкент шаҳар Учтепа тумани Ички ишлар бўлими томонидан ҳуқуқий баҳо берилади, деган умиддамиз», – дейилади Ekolog.uz сайти хабарида.
Шундан сўнг, «Ekolog» ЖБ зооволонтёрлари ўқитувчини жавобгарликка тортиш учун судга беришган. Учтепа туман суди уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекскнинг 111-моддасига кўра, 375 минг сўмга жаримага тортган.
«Бу жуда ҳам кам, зеро Д.Х. нафақат битта жониворнинг ўлимига сабаб бўлди, энг ёмони болаларнинг руҳиятига катта салбий таъсир кўрсатди. Фикримизча, у педагоглик фаолиятини олиб боришга лойиқ эмас
Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мазкур масалани кўриб чиқса яхши бўлар эди», – дейдиEkolog.uz журналистлари.