Ҳуқуқшунослик фанидаги тест саволларидан норози абитуриентлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигини судга берди.
Аввалроқ, ҳуқуқшунослик фани бўйича тузилган саволлар абитуриентлар ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлгани ҳақида маълум қилган эдик.
Адвокат Муҳриддин Шамсиддиновнинг маълум қилишича, ушбу ҳолатдан норози бўлган абитуриентлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигини судга берди.
“Жорий йил июль ойида юридик йўналишларга имтиҳон топширган абитуриентларга моддалар санкцияларидан (қанча жарима белгиланган, неча йилга “қамалади” каби) саволлар тушган.
Университетда ўқиб юрган вақтларимда устозларим модда санкциясини ёдлашни қатъий ман этарди. Яъни биз умуман санкция ёдламасдик. Чунки биринчидан, ёдлашни умуман имконияти йўқ, иккинчидан, бу келгуси фаолиятда умуман керак бўлмайди.
Бугундан адвокат сифатида ишга киришдим. Ҳозир Тошкент туманлараро маъмурий судидаман. Иш билан танишиш ва ОАВни жалб этиш бўйича судга илтимоснома тақдим этаман”, – дейилади хабарда.
Олдинроқ, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ушбу ҳолат бўйича муносабат билдирган эди.