2025 йилдан бошлаб мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизими жорий қилинади.
Бу ҳақида «Таълим хабарлари» мухбирига А.Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтида ташкил этилган пресс-турда институт ахборот хизмати маълум қилди.
Бунда Президент мактабларида тўпланган илғор тажрибаларни узлуксиз касбий ривожлантириш тизими орқали умумий ўрта таълим муассасаларига кенг татбиқ этилади. Раҳбар кадрлар учун малака ошириш курслари менежерлик ўқув курслари учун жорий этилган тартиб асосида, педагог ва мутахассис кадрлар учун замонавий компетенцияларни шакллантиришга йўналтирилган таълим дастурлари бўйича ташкил этилади.
Шунингҳдек, Президент қарор билан Абдулла Авлоний номидаги институт педагогларда касб маҳоратини оширишга масъул бўлиши белгиланган. Институтнинг 12 та ҳудудий марказини замонавий қиёфага келтириш ва жиҳозлаш учун яқин 3 йилда бюджетдан ҳар йили 50 миллиард сўм ажратилади.
Жумладан, малака оширишда вазирлик, малака ошириш маркази, мактаб ва боғчани боғлайдиган вертикал тизим йўлга қўйилади. Бундан ташқари, жойларда 1 минг 300 та таянч мактаб ва 200 та боғча танлаб олиниб, улардаги етакчи ўқитувчилар ёш педагоглар учун «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати»ни ташкил этади.
Бунинг учун етакчи ўқитувчиларнинг иш ҳақига 20 фоиз устама қўшилади.
Маълумотларга кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг ўтган вақти давомида 316 376 нафар (193 170 нафари маҳорат марказларида, 113 732 нафари «Узликсиз касбий таълим» платформасида, 5 204 нафари олий таълим муассасалари ва нодавлат таълим ташкилотларида) педагог кадрлар малакаси оширилган.
Вазирлик ҳузуридаги Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида 4 270 нафар таълим муассасалари раҳбарларининг малакаси оширилган. 666 нафар амалдаги директорлар ва 1 201 нафар директор лавозимига номзодлар менежерлик ўқув курсларида ўқитилган.
Умумтаълим мактабларининг 120 нафар ўқитувчиси Францияда, 32 нафар профессор-ўқитувчи Қозон федерал университети ва Беларусь давлат педагогика университетига малака оширишга юборилган.
Ҳозирга қадар 1500 нафар умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига номзод, 1000 нафар амалдаги мактаб директорини «Менежерлик ўқув курслари»да ўқитиш белгиланган.