Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан 2024 йил 17 мартда ўтказилган ўзбек тили ва адабиёт фанидан билиш даражасини баҳолашга қаратилган тест синови ҳамда фойдаланилган тест топшириқлари муҳокамасига оид фикрлар ҳам жамоат эътиборини тортди.
Хусусан, ўзбек тили ва адабиёт фанидан миллий сертификат имтиҳонлари бўйича билдирилган фикрларга агентлик расмий муносабат билдирди.
“Эссе ёзиш жараёнида буюк шахсдан иқтибос келтирилиши кераклиги борасида, шунингдек, сўзлар сони хусусида қатъий талаб мавжуд эмас. Лекин талабгор мавзу доирасида ўз фикрларини далиллар асосида ёритиши лозим.
Тажрибага кўра, сўзлар ҳажми белгиланса, талабгор ўз фикрларини тўлиқ баён этган бўлса-да, сўзлар сонини белгиланган талабга етказиш мақсадида сунъий тарзда эссени давом эттиришга мажбур бўлади. Эссени текшириш жараёни автоматлаштирилган бўлиб, платформа текширувчиларга ихтиёрий эссе (танлама усулда) талабгорнинг исм ва фамилияси кўрсатилмаган ҳолда юборилади”, – дейилади агентлик хабарида.